Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан келтирилган.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 февралда қабул қилинган. Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилди:

қуйидаги мазмундаги 197-4-модда билан тўлдирилди:

“197-4-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш

Мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаслик, унинг ишига тўсқинлик қилиш, унга била туриб ёлғон ахборот бериш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан мурожаатларни, хулосаларни, тақдимномаларни, илтимосномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этиш, –

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”;

Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги 392–I-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

14-1-модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Жазони ижро этиш муассасаларининг, қамоқда сақлаш жойларининг ва махсус қабулхоналарнинг (бундан буён матнда қамоқда сақлаш жойлари деб юритилади) маъмурияти қамоқда турган шахсларнинг мурожаатларини Вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, муҳрланган тарзда юборади, телеграммаларни эса дарҳол юборади. Вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига зудлик билан етказиб берилади.