Ўзбекистон | 11:47 / 15.03.2019
12627
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги янги аэропорт қурилиши бўйича техник назорат хорижий компанияга топширилди

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида Германиянинг Airport consulting partners GmbH Beratende Ingenieure компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Тошкент-Шарқий аэродром базаси асосида замонавий фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини қуриш ишларида ҳамкорликда фаолият олиб бориш, ўзаро икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича сўз юритилди.

Тадбирда фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини жаҳон талабалари даражасида бунёд этиш, айниқса учиш ва қўниш йўлакларини халқаро талаб ва меъёрларга амал қилган ҳолда қуриш жараёнлари ҳақида мулоҳаза юритилди. Шунингдек, техник ва технологик жиҳатдан хавфсизликни таъминлаш, ҳудуддаги бино ва иншоотларни бунёд этишда сўнгги технологияларни қўллаш, бу борада ҳамкорликда иш олиб бориш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Учрашув сўнгида Тошкент-Шарқий аэродром базаси асосида замонавий фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини барпо этишда қурилиш ва техник назорат олиб бориш, ушбу жараённи жаҳон талаблари даражасида боришини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Германиянинг Airport consulting partners GmbH Beratende Ingenieure компанияси билан муҳандис-маслаҳат хизмати бўйича шартнома имзоланди. 

Маълумот учун: Airport consulting partners GmbH Beratende Ingenieure компаниясининг 30га яқин давлатда ваколатхоналари мавжуд. Европа, Жанубий Америка ва Осиё қитъасидаги кўплаб аэропорт комплексларини барпо этишда германиялик муҳандислари иштирок этишган. Компания асосан фуқаролик авиациясини жаҳон талаблари даражасида ташкил этилишини назорат этиш, замонавий муҳандислик таклифлари ва лойиҳалари тақдим этиш хизмати билан шуғулланади.

Мавзуга оид