«Бир куни мени Ислом ака ёнларига чиқариб, «Футболни ҳам ўзингиз олинг» деб таклиф қилдилар. Ростини айтаман, болалигимда «Пахтакор» стадионида ўйнаб, катта бўлганмиз. Ҳар сафар бирор ўйиндан кейин стадионга кириб, мухлислардан бўшаган лимонад шиша идишларини ўртоқларим билан йиғиштириб чиқардик. Кейин, уларни магазинга топшириб, яхши пулга сотардик ва музқаймоқ олиб ердик. Менинг шу пайтгача футбол билан боғлиқлик жойим фақат шу воқеа эди, холос. Мен бир савдогар одам бўлсам. Футболни қандай эплайман? Мен Ислом Абдуғаниевичга ҳам шуларни айтдим, лекин қабул қилмадилар».

2013 йилнинг декабрида ҳамкасбларим Олимхўжа Бўронов, Бобур Акмалов ва Нодирхўжа Йўлдошев ва мен, биргаликда ЎФФнинг ўша пайтдаги раҳбари Мираброр Усмонов қабулида бўлганимизда суҳбат шундай бошланганди. Суҳбат узоқ давом этган. Бир пайтлар, президент унга футболни бошқариш таклифини берганида, футбол ҳақида фақатгина болаликдаги бир воқеанигина эслай олган Мираброр ака ЎФФдаги узоқ йиллардан сўнг, соатлаб футбол ҳақида гаплашиб ўтира оладиган бўлганди...

Биласизми, футболни бошқариш учун уни тушуниш керак, шу соҳа ичида пишиб етилган мутахассис бўлиши лозим, деган фикрлар кўп янграйди. Европада ҳам бу лавозимда асосан собиқ футболчилар ёки шу соҳада катта тажриба тўплаган мутахассислар фаолият олиб боришади. Мираброр Усмонов бунинг аксини, яъни баъзи шартларда, футболдан узоқ инсон ҳам бу соҳада муваффақият қозониши мумкинлигини исботлади. Баъзи шартлар деганим, тан олиш керак, Ўзбекистон – шарқ, иккинчидан эса, албатта, шахснинг мана шу фактга бўлган муносабати. Яъни, Мираброр Усмонов ҳам буни билар, тан оларди. Уни танқид қилган бир неча ёш журналистни чақириб, тортинмасдан футболдан узоқ одам бўлганини тан оляптими, демак ўзи учун ҳам буни қабул қила олган. Бу жуда муҳим.

Инсон ҳамма нарсани тушунаман, биламан деб ўйлай бошласа ва атрофидагилардан буни тасдиқлатиб олса, ёмон. Менимча, Усмонов мана шу чегарадан ўтмаган, балки шунинг учун ҳам малакали кадрларни қадрлаган. Унинг ҳақиқатдан ҳам муваффақиятга эришганини эса, исботлаш қийин эмас. У футболимизга баъзи жиҳатларни олиб кира олдики, орадан анча йил ўтиб булар биз учун оддий ҳолга айланди.

САЛОБАТ

Футболимиз турли даврларни бошдан кечирган. Унинг тақдири бирор чет эллик мураббийнинг қош-қовоғига боғлиқ бўлиб қолганини ҳам, масалан, терма жамоа мураббийи қайси клубда ишласа, ўша клубнинг орқасидан бош жамоамиз эргашиб юрганини ҳам кўрганмиз. Нафақат мамлакат футболи, балки ЎФФнинг ўзи ҳам моддий таъминланмаган, жуда абгор ҳолатда эди.