Иқтисодиёт | 18:07 / 16.03.2019
39672
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда ISUZU’нинг D-MAX автомобили ишлаб чиқарилиши мумкин

Самарқанд автомобиль заводида корхона ташкил этилганлигининг йигирма йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Бу ҳақда Zarnews хабар бермоқда.

Бундан йигирма йил аввал, 1999 йил март ойида Самарқанд шаҳрида замонавий автобуслар ишлаб чиқарилиб, Самарқанд автомобиль заводининг тижорий фаолияти бошланган эди. Дастлаб Туркиянинг “Коч” компанияси билан ҳамкорликда заводда 2 русумдаги автобус, 3 русумдаги юк ташиш автомобиллари тайёрлаш йўлга қўйилди.

Кейинчалик “СамАвто” масъулияти чекланган жамияти Япониянинг “ISUZU Motors” компанияси ва “Itochu corporation” корпорацияси билан ҳамкорлик ўрнатди. Айни пайтда Самарқанд автомобиль заводида шаҳар ичида ва шаҳардан ташқарида ҳаракат қилишга мўлжалланган 7 турдаги замонавий автобуслар, 36 хил юк ва махсус автомобиллар тайёрланмоқда.

Ўтган даврда самарқандлик автомобилсозлар ўз миллий маҳсулоти – LE60 паст шассели шаҳар автобусини яратиб, уни кенг кўламда ишлаб чиқармоқда.

Бугунги кунда корхонада 1200 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Шу пайтгача заводда 33 минг 700 дан ортиқ автобус ва юк машиналари ишлаб чиқарилди. Ушбу транспорт воситалари юртимизда ушбу турдаги автобус ва юк машиналарига бўлган эҳтиёжни қондириш баробарида Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россия, Озарбайжон, Грузияга экспорт қилинмоқда.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов завод жамоаси ва хорижлик ҳамкорларни корхона ташкил этилганлигининг 20 йиллиги билан табриклади. “СамАвто”нинг юртимиз иқтисодиётида тутган ўрнини эътироф этди ва завод раҳбариятига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғасини топширди.

Шунингдек, маросимда “ISUZU Motors” компанияси ва “Itochu corporation” корпорацияси вакиллари сўзга чиқиб, самарқандлик автомобилсозлар билан ҳамкорлик улар учун ҳар томонлама манфаатли эканлигини таъкидлаб, келгусида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва маҳсулот турини янада кўпайтиришга тайёр эканликларини маълум қилди.

Тантанали маросимдан сўнг, япониялик ҳамкорлар Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва “Ўзавтосаноат” компанияси вакилларига “ISUZU Motors” компаниясининг “D-MAX” автомобилини кўрсатиб, келгусида заводда ушбу турдаги автомашиналарни ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид