Болалигимда юрмай қолганим боис, аравачада ҳаракатланаман. Бироз кўнгил ёзиш учун гоҳида 5-синфда ўқийдиган жияним билан кўча айланамиз. Айланиш асносида жиянимга атрофдаги олам ҳақида гапириб бераман. Бу сафар унга монополиялар ҳақида сўзлаб бердим...

5 дақиқалик ҳикоя

Ҳайрон қолдиргани — монополиялар ҳақида жиянимга гапириб берган 5 дақиқалик ҳикоям монополиянинг деярли барча жиҳатларини қамраб олди. Янада ҳайратлантиргани — 11 ёшли жияним 5 дақиқада монополияларнинг моҳиятини жуда яхши англаб олди. Бошқача қилиб айтганда, энди жияним ҳар қандай катта одамга монополиянинг оқибатларини масалани тушунган ҳолда, ишонч билан бармоқ букиб санаб бера олади.

Жияним билан суҳбатимиз давомида сунъий монополиялар жамият учун, иқтисодиёт учун турган-битгани зарар эканига амин бўлдик.

Биринчидан, сунъий монополист, яъни, рақобатдан ҳимояланган субъект ўз маҳсулоти сифатини яхшилашга уринмаслиги — ўзи устидан ишламаслиги кундек равшан бўлди. “Рақобатчиси бўлмаса маҳсулотини яхшиламайди-да!” — оддий хулосага келди 5-синф ўқувчиси.

Иккинчидан, монополист ўз маҳсулоти нархини имкон қадар оширишга уринади — бу яна бир хулосамиз бўлди. Табиийки, “ким ҳам кўпроқ фойда кўришни хоҳламайди?!” – хитоб қилди жияним. Маҳсулот таннархини туширишга ва технологик янгиланишга эса уринмайди.

Монопол ташкилот нархни кўпроқ меҳнат қилгани, кўпроқ харажат қилгани ёки маҳсулотига кўпроқ ишлов бергани учунмас, балки МОНОПОЛИСТ бўлгани учунгина оширишга мойил бўлишини ёш бола дарров тушунди — кам меҳнат қилиб кўп фойда қилиш истаги бу — табиий истак, биологик прагматик истак. Монополистни бу учун маломат қилиш керак эмас.

Учинчидан, рақобатсиз муҳитда ишлайдиган корхона харидорнинг кўнглини олишга мойил бўлмайди — “ўзи шундоқ ҳам харидор менинг маҳсулотимни олишга мажбур бўлса, нима қиламан тер тўкиб унга мулозамат кўрсатиб!?” — мулоҳаза қилади монополист.

Йўқ, монополист эмас, балки унинг ички мантиқий “қурилмаси” шундай хулоса қилади. Зеро, ҳар бир инсонда қувватни иқтисод қилиш табиий дастури ишлаб турибди: “қувватингни имкони борича тежа, ким билсин, эртага керак бўлиб қолар”, — дейди ўша ички дастур, инсон бу табиий дастурга қарши туриши қийин.