Муштипар оналар... Улар ҳаёт сўқмоқларида не-не паст-баландликларни кўрмайди дейсиз?! Бу содда қалб эгалари рўзғор ташвишлари, фарзандлар учун елиб-югуришлардан ҳеч толиқмайди, чарчамайди. Биз яшаб турган дунёда шундай оналар борки, улар ҳар куни, ҳар дақиқада руҳан азобланади. Уларнинг фарзандлари нуқсонга эгалиги сабаб бир дақиқа кўзга уйқу олиши даргумон.

Шундай оилалардан бири ҳақида таҳририятимизга хабар келиб тушди ва бу инсонлар олдига йўл олдик. Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Рамадан кўчасида истиқомат қилувчи оиланинг тўнғич фарзанди Юлдузхон оғир хаста. Бемор қизалоқнинг онаси Зироат опа билан шу масалада суҳбатлашдик. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Бизнинг 3 нафар фарзандимиз бор. Катта қизим Юлдузхон. Бу қизим ўзи кеч юрди. Кейинги фарзандимдан ҳам кечроқ юрди. Маълум вақт ўтгандан сўнг билсак, орқасидан суяк ўсиб чиқибди. Дўхтирларга олиб бордик. Қизингиз сал катта бўлсин, дейишди. Ҳар хил ташхислар қўйишди. Шифокорлар ўз ҳолига қўйиб қўяверинглар дейишди. 10 йил ичида яхши юрди. Энди эса бу нарса юрагини сиқиб қўядиган бўлди. Бемалол ётишига ҳам халақит қилади. Кейин педиатрия институтига бордик. Улар бизда Ўзбекистонда операция қилиб бўлмайди, дейишди. «AKFA MEDLINE»га бордик. У ердагилар ҳиндистонлик дўхтирлар келишади, уларга кўрсатайлик-, деб тавсия қилишди. Ҳиндистонлик мутахассислар МРТ ва бошқа аппаратларга тушириб, текшириб кўрдилар. Ҳиндистонга олиб борсак, операция қилишни, операция сифатига кафолат беришларини айтишди. Ҳиндистондан суриштирган эдик, 17 минг АҚШ долларига яқин маблағ кетишини айтиб, зарур ҳужжатларни жўнатишди.

Қизим ҳозир бир оёғини ҳам яхши босолмаяпти. Белининг орқа қисмида ўсиб бораётган суяк юракка яқинлашиб қолган. Шу сабаб, битта ўпкага таъсир қилган. У ҳам юракни сиқиб қўйибди. Бу ҳаёт учун хавфли, юракка етиб борса, фарзандимиздан ажралиб қолишимиз мумкин экан. Зудлик билан операция қилмасак бўлмас экан. Шароитимиз эса буни кўтара олмайди. Ўзим шифохонада санитар бўлиб ишлайман. Хўжайиним электр устаси. Ўзим 600 минг, хўжайиним 800 минг сўм ойлик оламиз. Лекин, ҳаётимиздан нолимаймиз, барибир», – дейди муштипар она кўзларидаги ёшни тия олмай.