АҚШ томонидан қўллаб-қувватланувчи «Сурия демократик кучлари» (SDF) жанговар иттифоқи ҳудуд ИШИД жангариларидан буткул халос қилинганини маълум қилди.

Ташкилотнинг твиттер саҳифасида Суриянинг Багуз қишлоғи ИШИД террорчиларидан 100 фоизга тозалангани эълон қилинди — бу йирик қишлоқ ИШИДнинг Сурия ҳудудидаги сўнгги таянчи деб ҳисобланилаётган эди.

«Сурия демократик кучлари» вакили Мустафо Бали «ўзини халифалик деб эълон қилган тузилма тўлиқ йўқ қилингани» ва ИШИД устидан «ҳарбий ғалаба»га эришилганини маълум қилди.

Багузга юриш қилиниши ҳақида 10 февраль куни эълон қилинганди, ўшанда АҚШ президенти Дональд Трамп «ИШИДнинг тўлиқ йўқ қилинишига саноқли кунлар қолгани»ни таъкидлаган эди.

2014 йилдан 2019 йилгача Сурия ва Ироқ ҳудудларида мавжуд бўлган бу ташкилот «энг гуллаган» даврида жами 88 минг кв. км майдонни назоратига олганди.

Қуйидаги графикада «халифалик» кейинги йиллар мобайнида ўзи босиб олган ҳудудларни қандай қилиб йўқотгани тасвирланган.

ИШИД Яқин Шарқдаги барча позицияларини бой берганига қарамасдан, ҳали ҳам глобал таҳдид солишда давом этади: гуруҳ жангарилари ва ушбу ғоя таъсиридаги одамлар ҳамон Сурия ва Ироқ ҳудудида қолмоқда, шунингдек, гуруҳ тарафдорлари Нигерия, Яман, Афғонистон, Филиппин ва Шимолий Африка давлатларида фаолиятини давом эттирмоқда.

Курд жангчилари бошчилигидаги «Сурия демократик кучлари» ҳарбийлари март ойи бошида ИШИДнинг охирги таянчини эгаллаш учун ҳал қилувчи юришни бошлаганди. Ташкилотнинг қолган-қутган жангарилари бу вақтда Сурия шарқидаги Багуз истеҳкомига жойлашиб олганди.

Иттифоқчилар бу қишловда кўп миқдордаги тинч аҳоли вакиллари борлиги маълум бўлгач, юришни тўхтатганди. Шундан кейин Багузни минглаб аёллар, болалар ва хорижликлар тарк этишди.

Шунингдек, Багуздан кўп сонли жангарилар чиқиб кетишди, қолганлар эса охиригача қаршилик кўрсатишга қарор қилишди. Улар асосан худкушлик ҳаракатлари орқали ҳарбийлар йўлига тўғаноқ бўлишди. Рейтер агентлиги маълумотига кўра, қишлоқдан таслим бўлган жангарилар чиққан юк машиналари колоннаси номаълум томонга қараб йўл олган.