Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва кенг жамоатчиликнинг 2019 йил декабрь ойида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини мамлакат миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи кўллаб-қувватланди.

Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Ташкилий қўмитага Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, белгиланган чора-тадбирлар сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш, юзага келадиган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш вазифалари юклатилди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар доирасида:

а) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 августга қадар Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги мажмуа таркибига кирган иншоотларни, жумладан, шоир мақбарасини таъмирлаш ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

б) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси билан биргаликда 2019-2021 йилларда Огаҳийнинг асарлар тўпламини нашр этиш;

в) 2019 йил декабрь ойида:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда “Огаҳий - шоир, тарихнавис, таржимон ва давлат арбоби” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда Огаҳий ижодига бағишланган “Назм ва наво” кечасини ўтказиш чораларини кўради.

Белгиланишича, Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2019 йил декабрь ойида республиканинг барча таълим муассасаларида Огаҳий ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодий учрашувларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлайди.