Спорт | 09:17 / 26.03.2019
18782
2 дақиқада ўқилади

Криштиану Роналду жароҳат олди ва қанча вақтда сафга қайтиши мумкинлигини айтди

Фото: Getty Images

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Евро-2020 саралаши доирасидаги Сербияга қарши ўйинда (1:1) жароҳат олди.

34 ёшли ҳужумчи биринчи бўлим ўрталарида ўзига узоқдан узатилган тўпга югуриб бораётиб, бирдан тезлигини пасайтиришга мажбур бўлди; сўнг захира ўриндиғи томонга мурожаат қилиб, ўзини алмаштиришларини сўради. Маълум бўлишича, у ўнг оёғи сонидан шикастланган.

«Хавотир олаётганим йўқ, ўз танамни биламан. Бир ёки икки ҳафтада сафга қайтсам керак», – деган Роналдудан иқтибос келтирмоқда португал матбуоти.

Лиссабондаги баҳснинг 31-дақиқасидан бошлаб Криштианунинг ўрнида яримҳимоячи Пицци ўйинни давом эттирди. Бу вақтда ҳисоб меҳмонлар фойдасига 0:1 бўлиб турганди. Бўлим охирларида Данило Перейра мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда жамоалар бошқа гол уришмади, натижада Португалия миллий жамоаси Евро-2020 саралашини кетма-кет иккита дуранг билан бошлади. Фернанду Сантуш жамоаси илк турда ҳам ўз уйида Украинани мағлуб эта олмаганди (0:0).

Украина ва Сербияга қарши баҳслар Криштиану Роналду учун Португалия миллий жамоаси сафидаги ЖЧ-2018дан кейинги илк ўйинлар бўлди.

Маълумот учун, «Ювентус» А Сериянинг навбатдаги турларини «Эмполи», «Кальяри» ва «Милан»га қарши ўтказади. 10 апрель куни туринликлар ЕЧЛнинг 1/8 финалининг «Аякс»га қарши дастлабки ўйинини Амстердамда ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентина миллий жамоаси сардори Лионель Месси ҳам жароҳат олиб, терма лагерини тарк этганди.

Мавзуга оид