Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосарлари вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, парламент ва депутат сўровлари, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши мониторингини олиб боради, шунингдек, жойларда ишларнинг реал ҳолатини мунтазам ўрганади, иқтисодиётдаги ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилади ҳамда шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан комплекс таклифлар ишлаб чиқади. Бунда юкланган вазифаларни ҳал этишда уларнинг вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди;

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг маслаҳатчилари улар ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси бош вазирига таклифларнинг пухта ишлаб чиқилишини, экспертизадан ўтказилишини ва тайёрланишини таъминлайди, шунингдек, ушбу масалалар учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

вазирлар, давлат қўмиталари раислари ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган таклифлар, таҳлилий ва бошқа ҳужжатларнинг, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ҳар томонлама ишлаб чиқилиши, шунингдек, уларни амалга оширишнинг пировард натижалари ва оқибатлари учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талаблари сўзсиз бажарилишини таъминлайдилар.

Регламентга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади ҳамда иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолият кўрсатишга раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари ва ўз қарорлари ижросини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида жавобгардир.

Ўзбекистон Республикаси президенти Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга, Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишга, шунингдек, зарур ҳолларда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти кўрсатмаларини бекор қилишга ҳақли.