Чирчиқда юз берган ёнғин оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди
2019 йилнинг 27 март куни соат 00:29да Тошкент вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг Куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Чирчиқ шаҳри «Бобур» МФЙ Машар кўчасидаги 17-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, воқеа жойига зудликда 6 та ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари соат 00:39да кўрсатилган манзилга етиб борган вақтида уй очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган.
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 01:20да қуршаб олиниб, соат 01:58да бартараф этилган. Ёнғин оқибатида 200 кв метр майдонда 17-уйнинг томи, шифти ва ички жиҳозлари ёниб зарарланган (уйнинг 100 кв метр майдони сақлаб қолинган).
Ёнғин жараёнида шу уйда яшаган 8 нафар оила аъзосидан 4 нафари яъни, 33 ёшлик фуқаро Б.Р, унинг рафиқаси ҳамда икки нафар 8 ва 12 ёшдаги фарзандлари вафот этган.
Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.