Украинада президентлик сайловларининг биринчи тури 31 март куни бўлиб ўтади, сайлов бюллетенларида эса 31 номзод номи кўрсатилган. Аммо айни вақтга келиб ижтимоий тадқиқотлар натижаларига кўра номзодларнинг 5 нафари рейтинг кўрсаткичлари бўйича қолганларидан яққол ажралиб қолган.

Би-би-си номзодларнинг «кучли бешлиги» ҳақида асосий маълумотларни келтиради: қуйида уларнинг дастурлари, устунликлари ва камчиликлари, шунингдек, Россияга муносабатлари ҳақида билиб олиш мумкин.

Владимир Зеленский, 41 ёшда, комик

Кинокомедияларда Наполеон ва Украина президенти ролларини ижро этган бу актёр энди чиндан Украина президентига айланиши мумкин ва бу ҳазил эмас.

Қисқача таржимаи ҳоли
Кривой Рогда туғилган, юридик таҳсил олган, лекин шу кунгача мутахассислиги бўйича ишламаган. КВНдаги ижролари орқали машҳур бўлган, аммо Александр Масляков билан жанжаллашиб қолгач, ўзи бошчилигидаги «95-квартал» жамоасини муваффақиятли студияга айлантириб, юмористик шоулар, комедик фильмлар ва сериаллар яратишга киришган. Зеленский «Халқ хизматкори» («Слуга народа») фильмида ўқитувчиликдан Украина президентига айланган шахс ролини ижро этган.

Сайловолди дастури
«Мен бир муддатга президент бўлмоқчиман. Биринчи қонун лойиҳаси - «халқ ҳокимияти» бўлади, бунинг эвазига халқ ҳокимиятга референдум орқали вазифалар қўйиши мумкин. Ҳар бир тадбиркор ўз даромадларининг 5 фоизини қонунийлаштиришига имкон берилади. Ҳар бир бола давлат томонидан ўзлаштирилаётган табиий захиралардан ўз ҳисобига даромад йиғиб бора олади.Имтиёзлар ва субсидиялар монетизация қилинади. Украина экологик тоза маҳсулотлар сотадиган жаҳон бозорига айланади».

Россия ҳақида
«Мен у ерга томоша қўйгани бора олмайман, бундан ўзимни шунчаки ёмон ҳис қиламан»

Нима ёрдам бериши мумкин?

  • Украина сиёсатидаги «янги, гард юқмаган юз» имижи;
  • Сайловчилар уни «Слуга народа» сериали қаҳрамонига тенглаштирган ҳолда овоз беришади;
  • Ташвиқот тадбирлари концертлар кўринишида бутун Украина бўйлаб ўтказилмоқда.