28 март куни Олий суд ташаббуси билан илк марта журналистлар билан видеоконференция кўринишидаги мулоқот ўтказилди. «Судлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли» мавзусида ўтказилган видеоконференцияда Олий суд раиси ва барча вилоят судьялари иштирок этишди.

Видеоконференцияни кузатган Kun.uz мухбирига кўра, барча суд ҳайъатлари вакиллари 4 соатга яқин давом этган онлайн мулоқот давомида ўтган йилларда олиб борилган ишлар ҳақида маълумот беришди. Айниқса, Олий суд раиси Козим Комилов кўплаб мавзулардаги фикрлари кўпчилик учун қизиқ бўлди. Мулоқот давомида ўтган йил республика ҳудудида жиноятчиликнинг кескин камайгани айтилди. Масалан, жиноят ишлари бўйича судларга 2018 йилда олдинги йилдагига қараганда 33,9 фоиз камроқ арзнома тушган. Олий судга тушган аризалар миқдори 13 фоизга камайган.

2017 йилда жиноят ишлари бўйича судларда 43 минг фуқарога ҳукм чиқарилган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 28 мингтагача камайгани таъкидланган ҳолда жиноятчиликнинг сони камайгани унга қарши курашни енгиллаштиришга асос бўлмаслиги айтилди. Олий суд раиси Козим Комилов сайёр судларга эътибор кучайганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, судларда камида 30 фоиз ишлар айнан сайёр судларда кўрилиши керак. Бу кўрсаткич судларда 40–60 фоизгача етаётгани айтилди.

Фуқаролик судларида эса аксар ишлар оилавий можаролар экани афсус билан таъкидланди: «Фуқаролик судида 3–4 йил ишлаган судья яхши кадр бўлиб етишади. Бу ерда жуда оғир масалалар кўрилади. Оилавий низоларни ўрганиш одам учун қийин. Тасаввур қилинг, энг яқин инсонлар бир-биридан норози ва сиз уларнинг муаммосини ҳал қилишингиз керак», — деди Комилов.

Олий суд раиси шунингдек ажралиш тўғрисидаги ишларни имкон қадар судгача олиб чиқмасликка ҳаракат қилиш кераклигини айтди: «Бизда расмий бўлмаса ҳам яраштириш институти шаклланган, десам бўлади. Оилаларнинг ажрашишини судда кўриш оғир масала. Ахир кўз олдингизда оилалар ажралиб кетиши, болаларнинг аросатда қолиши жуда ёмон-ку?! Биз ажралиш тўғрисидаги ишларни имкони қадар судгача ҳал қилишимиз керак. Шу ўринда маҳаллалардан бироз хафаман. Улар оилаларни яраштириш борасида иш олиб бориши керак. Масалан, биз бу ҳақда фильм ишладик ва уни кўриб кўз ўнгимизда ярашиб кетганлар бўлишди.

Оила масаласига енгил қараш керак эмас. Биз 2018 йилда 26 минг оилани яраштиришга эришдик. Бу натижани кўпайтиришимиз керак. Яқинда водийда бўлдик ва кўрдикки, у ерда шунчаки шаърий никоҳда бўлганлар кўп. Хотин қайнонага ёқмайди-да кейин... Нима, у буюмми тез-тез алмаштирадиган? Менга қолса, эр-хотин ўртасида никоҳ шартномаси бўлиши шарт.