Жаҳон | 09:24 / 01.04.2019
3748
2 дақиқада ўқилади

Малайзиянинг собиқ бош вазири 367 миллион долларлик солиқ тўламасликда гумон қилинмоқда – ОАВ   

Фото: Михаил Джапаридзе/ТАСС

Малайзиянинг собиқ бош вазири Нажиб Раззоқ умумий қиймати 1,5 млрд ринггитга (367,9 млн доллар) тенг солиқни тўламаганликда гумон қилинмоқда. The Age нашрининг маълум қилишича, ўтган ҳафта солиқ идоралари Раззоққа 2011 йилдан 2017 йилгача давр учун қўшимча даромадлари ҳақида зудлик билан ҳисобот бериш талаби билан мактуб жўнатган.   

Нашр маълумотларига кўра, Раззоқ бу давр учун солиқларнинг бир қисмини ошкор даромадлар асосида тўлаган. Бироқ солиқ идоралари маълумотларига кўра, собиқ бош вазир 4 млрд ринггит (1 млрд доллар) миқдоридаги пулни, жумладан Саудия Арабистони қироллик оиласидан олган “молиявий ёрдам”ни декларация қилмаган.   

Раззоқнинг партияси 2018 йил майида парламент сайловларида мағлубиятга учраган. Раззоқ истеъфога кетгач унга нисбатан талон-тарожлик, пора олиш, пулларни ювиш, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг фикрича, Раззоқ 680 млн доллар миқдоридаги давлат маблағини ўғирлаган.

Мавзуга оид