«Ўзбекистон 24» телеканалида президентнинг Бухорога ташрифи ҳақида махсус кўрсатув намойиш этилди.

Президент ўтган йили март ойида ушбу вилоятга амалга оширилган ташриф чоғида берилган топшириқлар ижроси билан қизиқди.

Президент матолардан кийим-кечак тикиб ишлаб чиқарувчи «Экваториал Чодак Груп» МЧЖда бўлди. Гидропоника усулида замонавий иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи «Бухоро Агро» эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Пахтачиликка асосланган BCT кластерни бориб кўрди. Ипакчилик кластерида бўлган президент бу ерда амалга оширилган ва режалаштирилган ишлар билан танишар экан, барча вилоятларда тутзорларни кенгайтириш борасида топшириқлар берди.

 

 

Бухорода аҳолининг 433 минг гектардан зиёд томорқа ерларида ҳам маҳсулот етиштиришга катта эътибор берилиши лозимлиги таъкидланди.

Бухорони азалдан машҳур қилган қоракўлчилик анъаналарини янги сифат босқичига чиқариш лозимлиги айтилди. Президент мўйначиликни ривожлантириш учун барпо этилган қуён, норка ва шиншила етиштирувчи фермер хўжаликларининг иши билан ҳам танишди.

Президент Когон туманидаги «Тараққиёт» маҳалла фуқаролари йиғини марказида ҳам бўлди. Шу масканда президент вилоятда 35 мингдан зиёд хотин-қизлар иш билан таъминланмагани, хотин-қизлар жиноятчилиги сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Президент бу ҳолат миллий менталитетимизга ётлиги, буюк тарих ва юксак салоҳиятга эга бўлган Бухорога мутлақо ярашмаслигини таъкидлади.

 — Жорий йил охиригача аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, иш билан таъминлаш, жиноятчилик содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриб, Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан боғлиқ барча масалалар бўйича энг намунали ҳудудга айлантиришимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев.