Жаҳон | 17:41 / 04.04.2019
10136
2 дақиқада ўқилади

Сурия Жўлан тепаликлари масаласи ҳарбий йўл билан ҳал қилиниши мумкинлигини истисно этмади

Фото: REUTERS

Сурия Жўлан тепаликлари масаласи ҳарбий йўл билан ҳал қилиниши мумкинлигини истисно этмайди, аммо ҳозирда терроризмга қарши курашиш устувор ҳисобланади, деди Сурия ташқи ишлар вазири Валид Муаллем.

Аввалроқ Сурия ТИВ матбуот хизмати сурияликлар Жўлан тепаликларини ҳар қандай йўл билан қайтариб олишга ҳақли эканликларини, бу ҳудуд "араблар ва сурияликларники" бўлиб қолишини билдирганди.

"Биз ҳар қандай йўл деганда ҳарбий йўлни ҳам назарда тутдик. Ҳарбий йўлни истисно этмаймиз", - деди Муаллем.

Унинг қайд этишича, 1974 йилдаги кучларни бўлиш тўғрисидаги келишувга амал қилинмоқда, бироқ Исроил уни мунтазам бузиб келмоқда.

"Биз террорчиларга қарши курашмоқдамиз, улар Исроил ва АҚШ билан ҳамкорлик қилаётгани исботланган. Бугунги кунда Сурия ҳудудини терроризмдан тозалаш устувор вазифамиз ҳисобланади", - таъкидлади Муаллем.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Жўлан тепаликлари устидан Исроилнинг суверенитетини тан олиш тўғрисидаги декларацияни имзолаганди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид