4 апрель куни Нукус шаҳрида «Имкон» номли Ўзбекистондаги биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур муассаса турли жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.

Очилиш маросимида Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева сўзга чиқиб, ушбу марказ очилишига ёрдам берган барчага миннатдорчилик изҳор этди.
«Мен бу ерга ўзининг саъй-ҳаракатлари билан ҳисса қўшган ва бугун биз билан бўлган дўстларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Келинг, 2018 йил Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинларини ёдга оламиз, у Ўзбекистон тарихидаги энг муваффақиятли бўлди. Улар бизнинг терма жамоамизга 77та медаль тақдим этди. Биз мамлакатимиз ва унинг олимпия терма жамоаси билан фахрланамиз! Бугун спортчиларни тадбиримизнинг фахрий меҳмонлари сифатида қабул қилиш биз учун катта шараф», - деди у.
Яқинда, Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шундай деди: «Халқ мақолида шундай дейилади: Халқ саломатлиги— мамлакат келажаги! Асосийси, жамиятда тинчлик ва инсонлар саломатлигини таъминлаш. Қолган муаммоларга ечим топса бўлади».
Масаланинг долзарблигини англаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ногиронлиги бор болалар муаммоси, уларни ҳимоя қилиш, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шаҳноза Мирзиёеванинг таъкидлашича, «қайд этилган ташаббуслар ва болалар ногиронлиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 16 августида «Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди».
Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари асосий тадбирдан таассуротлари билан ўртоқлашди: «Бугун, орадан 7 ой ўтиб, биз бу ажойиб кун - «Imkon» марказимизнинг очилишини нишонлаш имконига эга бўлдик».
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг айтишича, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар ҳақида гап кетганда, машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
















