Жамият | 07:59 / 05.04.2019
15750
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда тиланчилик қилгани учун ушланган аёлга жиноий иш очмасликка қарор қилинди

Фото: Валерий Мельников/ РИА Новости

Интернет тармоғида тарқаган 59 ёшли М.Ю.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-1 моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани тўғрисидаги маълумот ҳақиқатдан йироқ, деб хабар бермоқда Тошкент ИИББ. 

Қайд этилишича, одамийлик принципига таянган ҳолда, шунингдек, тиланчилик қилгани сабабли қўлга олинган 59 ёшли М.Ю.нинг ёшини инобатга олиб, Юнусобод тумани ИИО ФМБ қошидаги Тергов бўлими томонидан жиноий иш қўзғатмаслик қарори қабул қилинди.  

Жорий йилнинг 28 январь куни Юнусобод тумани маъмурий суди М.Ю.ни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топиб, унга нисбатан ЭКИҲнинг 0,5 миқдорида жарима тўлаш жазосини қўллаган. 

1 апрель куни М.Ю. яна Бодомзор кўчасида жойлашган масжид олдида тиланчилик қилгани маълум бўлган. 

Билдирилишича, М.Ю.нинг турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етган фарзандлари бор. Унинг ҳамма яқинлари ишлашади ва М.Ю.ни таъминлашдан бош тортишмайди. Тиланчилик эса унинг хоббисига айланиб улгурган экан. 

Аёл ва унинг яқинлари билан жиддий профилактик суҳбат ўтказилди, дейилади хабарда.  

Мавзуга оид