Спорт | 10:24 / 08.04.2019
17147
3 дақиқада ўқилади

Видео: «ПСЖ» ҳужумчиси ноёб хатоси билан ўз жамоасини голдан маҳрум қилди

«ПСЖ» ҳужумчиси Эрик Максим Шупо-Мотинг Франция чемпионатининг 31-турида «Страсбург»га қарши баҳсда (2:2) ишониб бўлмас хатога йўл қўйди.

Ўйиннинг 28-дақиқасида мезбонлар яримҳимоячиси Кристофер Нкунку тўпни дарвозабондан ошириб, дарвоза томон аниқ йўллади, аммо дарвоза чизиғи устида турган жамоадоши Шупо-Мотинг ҳимоячидан ўтиб, дарвоза тўрига йўналган тўпни тўхтатиб қолди.

30 ёшли камерунлик ҳужумчи бунга қадар 13-дақиқада ҳисобни очганди. Юқоридаги вазият рўй беришидан икки дақиқа олдин эса «Страсбург» ҳужумчиси Нуну да Кошта мувозанатни тиклаганди.

Image

Шупо-Мотингнинг хатоси шуниси билан ҳам аҳамиятлики, ушбу баҳсда «ПСЖ» ғалаба қозонган тақдирда расман чемпионлик масаласини ҳал этган бўларди. Бироқ унинг хатосидан 10 дақиқа ўтиб, меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди (Голсалвес, 38-дақиқа). Шу билан парижликлар 82-дақиқага келибгина ҳисобни тенглаштиришга эришдилар (Керер, 82-дақиқа). Бунгача эса Шупо-Мотинг 60-дақиқада Килиан Мбаппега алмаштирилди.

Вазият қаҳрамони ўйиндан кейин  Canal+ эфирида ушбу хатосига қуйидагича муносабат билдирди:

«Даставвал балки Нкунку менга пас узатмоқчидир, деб ўйладим. У дарвоза томон зарба йўллаганда ҳимоячи тўпни тўсиб қолиши мумкин, деган фикрда эдим. Шундан кейин тўпга тегсаммикан ёки йўқми деб иккаландим, чунки офсайдда бўлишим мумкинлигидан қўрқдим.

Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Мен тўпга тегиндим, у эса устунга бориб тегди. Ҳақиқатан уятга қолдим. Нкункунинг зарбасидан кейин тўп ўзи дарвозага киради, деб ўйлагандим. Бунинг учун узр сўрайман. Биз бошимизни баланд кўтариб, мана шу руҳда ўйнашда давом этишимиз керак», – деди Шупо-Мотинг.

Маълумот учун, Эрик «ПСЖ»га 2018 йил ёзида эркин агент сифатида қўшилган. У бунга қадар «Сток Сити», «Шальке-04», «Майнц» ва «Ҳамбург» клубларида ўйнаган. Парижликлар сафида биринчи дивизионнинг 18та ўйинида майдонга тушди, уларнинг 6тасини асосий таркибда бошлади. Бу баҳсларда 3 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол этди.

Мавзуга оид