Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази қошида давлат муассасаси шаклидаги мактабгача ёшдаги болалар инновацион технопаркини ўз ичига олган “Бизнес-акселератор” ўқув-амалий марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
          
юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда бозор иқтисодиёти тамойилларига мос келувчи ўқув курсларини ташкил этиш;
          
мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун Болалар инновацион технопаркини ташкил қилиш ва фаолиятини таъминлаш;
          
Сирдарё вилоятида кичик ишлаб чиқариш тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиш ва маркетинг соҳасида билим бериш;
        
ёшларда тадбиркорликка бўлган қизиқишни уйғотиш, бизнесни юритиш қоидаларини ўргатиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш;
          
қулай муҳитда ёш тадбиркорларнинг бизнесини йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринларини яратишга кўмаклашиш;
          
замонавий ахборот ва инновацион педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишни ташкил этиш;
          
ўқув курсларини тамомлаган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун инвесторларни топишга кўмаклашиш;
          
замонавий билимлар асосида ўсиб келаётган ёш авлодда футуристик дунё қарашни шакллантириш.

Марказни жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этиш учун Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳри, Ўзбекистон кўчаси, 86-уйда жойлашган Педагогика коллежига қарашли бўлган 1- ва 2-сон талабалар ётоқхонаси бинолари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий Марказга оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул берилади.