Жамият | 15:57 / 09.04.2019
13852
2 дақиқада ўқилади

Кўзбўямачилик: намунали мактабларда имтиҳонда ўқувчи ўрнига бошқа ўқувчи кирганлиги аниқланди 

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Республикамизнинг барча ҳудудларида белгиланган умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш доирасида назорат ишлари ва сўровномалар ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур жараён жорий йилнинг 8 апрель куни бошланди ва 15 апрелгача давом этади. 

“Бугун мамлакатимиздаги умумтаълим муассасаларининг қатор халқаро тадқиқотларда иштирок этишлари учун тайёргарлик ишлари олиб борилаётган бир пайтда, маҳаллий рейтинг натижаларини аниқлаш жараёнида кўзбўямачилик қилаётган мактабларимиз ҳам йўқ эмас”, деб ёзади Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари томонидан Бухоро шаҳридаги 17-сонли мактабда имтиҳон жараёнида 3 нафар ўқувчи ўрнига бошқа ўқувчиларнинг имтиҳонга кирганлиги, 35- ва 38-сонли мактабларда ҳам имтиҳон олинаётган синфга бошқа синф ўқувчиларининг киритилганлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу жараёнда имтиҳон тўхтатилиб, далолатнома тузилди.

“Мазкур мактаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан рейтингда иштирок этиш учун вилоятдаги энг намунали мактаб сифатида танланиб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим қилинган. Ваҳоланки, билдирилган ишончни оқламаётган мазкур умумтаълим муассасалари раҳбарлари бугун кимни алдамоқда? 2021 йилга келиб, PISA, PIRLS халқаро тадқиқотларида иштирок этишда улар қандай йўл тутишар экан?”, дея савол қўйилади инспекция томонидан. 

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси рейтингда иштирок этаётган умумтаълим муассасалари раҳбарларидан имтиҳоннинг ташкилий жараёнларида турли “қинғир йўл”ларни амалга оширишга ҳаракат қилмасликларини сўраган.

Мавзуга оид