13:52 / 09.04.2019
5388

«Ўзбекистон почтаси» Италия компанияси ёрдамида «гибрид почта»ни жорий этмоқчи

Фото: pochta.uz

«Ўзбекистон почтаси» АЖда Италиянинг DoxeeSpA компанияси билан музокаралар бўлиб ўтди. Ундан кўзланган мақсад хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон почта инфратузилмасини босқичма-босқич модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилиш эди, дейилади «Ўзбекистон почтаси» сайтида.

Музокарада «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва DoxeeSpA компанияси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, «гибрид почта» ва бошқа электрон хизматлар технологияларини жорий этиш орқали почта хизматларини модернизация қилиш юзасидан атрофлича фикр алмашилган.

Учрашувда DoxeeSpA вакиллари Ўзбекистон почтаси фаолияти самарадорлигини оширишда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришган. Биринчи қадам сифатида, DoxeeSpA дастурий платформасидан фойдаланиб, «гибрид почта» хизматларини тубдан кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди.

«Ўзбекистон почтаси» АЖ мутахассислари учун ушбу платформанинг слайд-шоу шаклида ташкил этилган тақдимоти «гибрид почта» хизматларини тақдим этишнинг муҳимлиги таъкидлаш билан чекланиб қолмай, балки янги авлод электрон хизматларининг кўплаб замонавий турлари мавжудлигини ҳам аниқ намоён этди. 

Бу рақамли технологияга фаол ўтиш бўлиб, қоғоз шаклида жўнатмаларни етказиб беришга асосланган «гибрид почта»нинг одатий чегараларини кенгайтиришга ва ҳужжатнинг ўзини электрон шаклда яратишга, уни қайта ишлашга ва ундан интерактив, шу жумладан дунёда биринчи марта видео ҳужжат шаклда, фойдаланишга имконият яратади. 

Doxee дастурий платформасининг афзаллиги шундаки, у почта орқали ҳужжатларни етказиб бериш учун турли хил вариантлардан фойдаланиш имконини беради: қоғоз шаклдан электронга, қоғоздан - қоғозга, электрондан - қоғозга, электрондан электрон шаклга. Платформанинг техник имкониятлари ёрдамида почта оператори нафақат, аввалгидек, жўнатувчи ва қабул қилувчининг ўртасидаги ёзишмаларнинг узатувчиси ролини бажарибгина қолмай, балки мижозга зарур ҳужжатларни ишлаб чиқаришда ҳам иштирок этиши учун шароитлар яратилади.

Фото: pochta.uz

DoxeeSpA компанияси вакиллари билан музокаралар «Ўзбекистон почтаси» АЖда DoxeeSpA «гибрид почта» тизимини жорий этиш масаласида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланиши билан якунланган.

Top