Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига санитария-эпидемиологик ва фитосанитария назоратидан ўтказиладиган маҳсулотларнинг олиб кирилиши тақиқланган давлатлар рўйхатини шакллантириш ҳамда янгилаш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига санитария-эпидемиологик ва фитосанитария назоратидан ўтказиладиган маҳсулотларни олиб кирилиши тақиқланган давлатлар рўйхатини шакллантириш ҳамда янгилаш тартиби тасдиқланиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан биргаликда санитария-эпидемиология, фитосанитария ҳолати номақбул бўлган давлатлар рўйхатини шакллантиради ҳамда ушбу рўйхат доимий янгиланиб борилишини таъминлайди.

Қайд этилишича, мазкур тартиб четдан келтириладиган маҳсулотларни хавфсизлик ва гигиеник кўрсаткичлари бўйича мувофиқликни баҳолаш қоидаларини белгилайди.

Маҳсулотларнинг ҳар бир тури бўйича мувофиқликни баҳолаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиладиган мувофиқликни баҳолашнинг тегишли қоидалари билан белгиланади. Маҳсулот хавфсизлик ва гигиеник кўрсаткичлари бўйича мажбурий тавсифлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.

Мазкур тартибнинг амал қилиши мажбурий санитария-эпидемиологик хулосаларни  расмийлаштиришга татбиқ этилади.

Мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш қоидага кўра, лаборатория мажмуалари миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтган ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштирилишини ўз ичига олади.

Маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш хулосаларини расмийлаштириш ва бериш муддати барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган вақтдан бошлаб ўн беш кундан ошмаслиги лозим.

Республика аҳолисини ўта хавфли ва юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, юқумли касалликларни кириб келиши, тарқалишини олдини олиш, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича нохуш эпидемик давлатлар статистик маълумотини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўта хавфли ва  юқумли касалликлар олиб кирилишидан муҳофаза қилиш, аҳолининг санитария эпидемиологик осойишталигини, давлат санитария-эпидемиологик хизмати назорати остидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз ҳудудига четдан ўта хавфли ва  юқумли касалликлари кириб келишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи таклифига асосан Республика эпидемияга қарши кураш фавқулотда комиссиясининг йиғилиш баёни қарорига асосан санитария-эпидемиологик носоғлом давлатлардан давлат санитария-эпидемиологик хизмати назорати остидаги товарларни олиб кирилишига нисбатан вақтинча чеклов қўйилади.