Ўзбекистон | 14:26 / 10.04.2019
82511
3 дақиқада ўқилади

Amnesty International Рашид Қодиров бўйича баёнот билан чиқди

Фото: Prokuratura.uz

Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистон собиқ бош прокурори, коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган Рашид Қодировга нисбатан қийноққа солиш ҳолатлари кузатилган бўлиши мумкинлиги бўйича ташвиш мавжудлиги ҳақида маълум қилди.

Amnesty International шу йилнинг 8 апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизматига юборилган мактубни эълон қилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилот ўз мурожаатида давлат раҳбарини «Рашид Қодиров ва собиқ бош прокурор иши бўйича жиноий жавобгарликка тортилган қолган 12 нафар собиқ амалдорни қийноққа солиш ҳамда ғайриинсоний муносабатда бўлиш ҳолатларидан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг малакали тиббий ёрдам олишлари учун шарт-шароит яратиш»га чақирди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотнинг ўз мактубида ишончли манбалар маълумотига таянган ҳолда ёзишича, «тергов изоляторида Рашид Қодировни уйқудан маҳрум қилишмоқда ва жисмоний зўравонлик қўллашмоқда».

Бундан олдин, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг навбатдаги мажлисида давлат айбловчиси судланувчи Рашид Қодировга янги айблов эълон қилгани хабар берилганди. Айблов айнан нималардан иборатлиги аниқ эмас, чунки бу ҳақда расмий маълумот берилмаяпти.

Ўзбекистон прокуратурасини 2000 йилдан 2015 йилнинг апрелигача, 15 йил давомида бошқарган Рашид Қодиров 2018 йилнинг 22 февралида Тошкент шаҳрида Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида қўлга олинганди. Унга нисбатан «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари бўйича жиноят иши очилган. Шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушланганди.

Кейинроқ иш доирасида яна ўндан ортиқ киши қамоққа олинди. Улар орасида Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев ва унга яқин бўлган бошқа прокурорлар ҳам бор эди.

«Қодиров иши» иши доирасида жами 21 киши қамоққа олинган.

Мавзуга оид