Ўзбекистон | 17:20 / 10.04.2019
6890
4 дақиқада ўқилади

Статистика қўмитаси ҳузурида институт ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Агентлик ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:

2020–2021 йилларда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер текширувларини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистик тадқиқотлар маркази негизида белгиланган штат бирликлари сони доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди:

давлат статистика органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ходимларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришни, шунингдек, касб маҳорати юксак даражада бўлишини таъминлайдиган тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

статистика борасидаги кўникмаларни ривожлантириш, таҳлилий фикрлаш қобилиятини шакллантириш ва уларни амалиётда қўллашга йўналтирилган, асосан ихтисослик фанларидан иборат бўлган замонавий таълим стандартлари ва сифат жиҳатидан янги ўқитиш тизимини жорий этиш;

статистика соҳасидаги илғор тажриба ва илмий-тадқиқот ютуқларини айирбошлаш, шунингдек, мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва стажировка ўташи бўйича маҳаллий ва хорижий илмий ҳамда таълим муассасалари, халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш; 

миллий даражада қўлланилаётган методологик воситалар, давлат ва идоравий статистик кузатувларни халқаро даражада уйғунлаштириш, мослаштириш ва қиёслаш нуқтаи назаридан уларни малакали экспертизадан ўтказиш;

кейинчалик амалиётда қўллаш учун илғор статистика методлари ва технологиялари, шунингдек, очиқ маълумотлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда:

2019 йил 1 июлга қадар Порталда тегишли ахборотни эълон қилиш ва янгилаш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини, шунингдек, нотўғри давлат статистика ҳисоботларини тақдим қилганлиги учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

2019 йил 1 декабрга қадар илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳасини;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда 2019 йил 1 октябрга қадар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг, шунингдек, ахборотни тарқатишга тааллуқли бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг меъёрлари унификациялаштирилишини назарда тутувчи ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид