Ўзбекистон | 18:45 / 11.04.2019
15412
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўринбосари Ўзбекистонда жиноятчиликка қарши кураш тизимидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистонда жиноятчилик даражасининг пасайиши «ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг буткул қайта шакллантирилиши» билан боғлиқ. Бу ҳақда республика бош прокурорининг ўринбосари Эркин Йўлдошев маълум қилди, деб хабар берди Kun.uz мухбири. 

БМТ Хавфсизлик кенгашининг инсон ҳуқуқлари борасидаги тавсиялари бўйича Ўзбекистоннинг ҳаракатлар режаси лойиҳаси доирасидаги маслаҳатлашувларда қилган чиқишида Йўлдошев республикада жиноятчилик 30%дан ортиқроққа камайганини қайд этди.

«Бу тасодиф эмаслигини таъкидламоқчиман. Бу комплекс, тизимли ёндашув ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг буткул қайта шакллантирилиши натижасидир. Бу борада терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқмоқдамиз...», – деди Йўлдошев.

Унинг сўзларига кўра, радикаллашув ва терроризмга рағбатнинг олдини олиш профилактик чоралар орқали диққат марказида бўлади.

«Жиноятчиликка қарши курашиш тизими тубдан қайта шакллантирилмоқда. Агарда илгари ҳаракатларимиз жиноятчилик оқибатларига қарши курашишга қаратилган бўлса, бугунги кунда биринчи ўринга профилактика, қонунга ҳурмат ҳиссини уйғотиш масалалари қўйилмоқда», – деди прокуратура вакили. 

Йўлдошев сўнгги икки йилда Ўзбекистонда «диний-экстремистик ташкилотлар фаолиятида қатнашишга мойил» 18 мингдан ортиқ киши рўйхатдан чиқарилганини эслатиб ўтди. Бундан ташқари, президент фармони билан 3 мингга яқин маҳбус афв этилган.

Мавзуга оид