Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасининг:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги уч йўналиш – техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология бўйича “Баркамол авлод” республика болалар марказлари негизида Республика “Ижодкор болалар” мактаби;

“Баркамол авлод” болалар марказлари негизида “Ижодкор болалар” мактаблари;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари негизида “Болалар кутубхоналари”ни ташкил этиш;

умумтаълим мактаблари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини 2019 йил 1 августдан бошлаб тугатиш ҳамда уларнинг 400 нафар штат бирликларини туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига, мавжуд китоб фондини умумий ўрта таълим муассасалари балансига бериш;

2020–2023 йилларда Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тизимли равишда болалар туризмини ривожлантириш мақсадида 100–150 ўринли “Болалар сайёҳлик базалари”ни “Ижодкор болалар” мактаблари ҳузурида ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланади:

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали болаларни индивидуал ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва услубий материалларни доимий такомиллаштириб бориш;

робототехника, мехатроника, муҳандислик ва компьютер дастурий таъминоти йўналишларидаги тўгаракларни доимий ривожлантириб бориш;

болалар ва таълим туризмларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш;

ўқувчи-ёшларнинг ижодий ишларини оммалаштириш, шу жумладан дунё бозорига миллий анъаналаримиз асосида яратилган маҳсулотларни олиб чиқиш мақсадида “Art shop” электрон дўконларини ташкил этиш;

мактабдан ташқари таълим муассасаларига ўқувчилар қамровини ошириш, ўқувчилар қизиқишларига кўра тўгаракларни ташкил этиш ва доимий фаолият олиб боришини таъминлаш;