Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимлари ва тўгарак раҳбарларини тегишли мутахассислик йўналишида малака ошириш тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Мактабдан ташқари таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилиши мумкин.
Замонавий таълим технологиялари асосида, шу жумладан масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда ихтисослаштирилган тўгараклар йўналишлари бўйича халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказнинг асосий вазифаси этиб белгилансин.
Белгилаб қўйилишича:
Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга йўналтириладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;
Марказга Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ректор раҳбарлик қилади;
Марказни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, шу жумладан А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг тегишли ходимлари ҳисобидан амалга оширилади;
Марказ Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчаси, 72-А уй манзилига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

















