Термизда Халқаро бахшичилик фестивалининг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди, унда ғолиб ва совриндорлар тақдирланди, дея хабар беради uzbekistan.travel сайти.

Фестивалда 20 мамлакат вакиллари ўз истеъдодларини намойиш этишди, уларнинг маҳорати Франция, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Мўғулистон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг етук санъат ва маданият арбоблари, олимлари ва малакали мутахассислари томонидан баҳоланди. Ғолибларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва вазир ўринбосари Озодбек Назарбековлар топширишди.

Халқаро бахшичилик фестивалининг Гран-присига Қозоғистон вакили Улжан Байбусинова муносиб деб топилди.

1-ўрин Туркманистон вакили Керван Ёвбасаров ҳамда Ўзбекистон вакили Абдуназар Поёновга насиб этди.

2-ўринни озарбайжонлик “Ошиқлар дуэти” ва россиялик Илгам Байбулдинов эгаллади.

3-ўрин Жанубий Корея вакили “Hanmyra Art” гуруҳи ҳамда Ўзбекистон вакили Гулнара Алламбергенова томонидан банд этилди.

Малайзиялик Камарул Баисах фестивалнинг энг ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилди.

Энг ёши улуғ иштирокчи номинациясида ўзбекистонлик Отахон Матякубов мукофотланди.