Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Қасим-Жомарт Тоқаев музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Унда икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари раҳбарларидан иборат делегациялар аъзолари иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари яхши қўшничилик, мустаҳкам дўстлик ва қардошлик ришталарига асосланган. Икки томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда фаол ривожланмоқда. 

Томонлар 2018-2019 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик стратегиясининг изчил амалга оширилиши мамлакатлар стратегик мақсадларининг муштараклигига асосланган ўзаро манфаатли ва самарали иқтисодий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Кейинги икки йилда ушбу соҳадаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. Ҳудудлар ва ишбилармонлар ўртасидаги ришталар фаоллашди. Натижада савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. 2018 йил бу борада жадал юксалиш даври бўлди. Товар айирбошлаш ҳажми қарийб 50 фоизга ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди. 

Томонлар, аввал келишилганидек, яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишга интилишини тасдиқлади. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияга савдо алоқалари номенклатурасини кенгайтириш, иқтисодий ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли шаклларини топиш ва ривожлантириш вазифаси қўйилди.   
 
Бу ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, савдо, инвестициялар, логистика соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, интеграциялашган саноат технопарклари, илмий-инновацион кластерлар ва эркин иқтисодий зоналар ташкил этишга хизмат қилади.

Томонлар 2018 йил ноябрь ойида Чимкент шаҳрида ўтган биринчи Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ҳамда 2019 йил мартда Тошкент шаҳрида ўтган Марказий Осиё мамлакатларининг биринчи минтақавий иқтисодий форуми якунларини ижобий баҳолади.