28 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини бориб кўрди. Археологлар мунтазам равишда тадқиқотлар олиб боришига қарамасдан, бу ер илгари ташландиқ жой эди.
Президент топшириғига мувофиқ Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
Ўтган ҳафтада Kun.uz мухбирлари президент ташрифидан сўнг Ахсикентда қандай ўзгаришлар юз берганини билиш мақсадида бу ерга келишди.
Киришда улкан ёзув ўрнатилган: Axsikent.

Шунингдек, мажмуа ва музей ҳақида қисқача маълумот тақдим этилган.

Тарихий шаҳарга кириш ва экспонатлар билан танишиш учун билет сотиб олиш лозим. Билет катталар учун (Ўзбекистон резидентларига) 2 минг сўм, мактаб ўқувчилари учун минг сўм туради, 7 ёшгача бўлган болалар учун эса кириш бепул.
Кассир билан суҳбатлашганимизда у бизга кунлик маълумотларни қайд этиб борадиган дафтарини кўрсатди. Рақамлар ҳайратланарли. Музейга болалар, мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, оилалар ва жамоалар ташриф буюради. Кассир аёлнинг айтишича, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифидан сўнг туристлар оқими бошланган.
Биргина муаммо – хорижлик туристларнинг камлиги.


Очиқ осмон остидаги музей дам олиш кунисиз эрталаб 9дан кеч соат 6гача ишлайди. Дарвоқе, хорижлик туристлар учун билет 10 минг сўм туради, гид хизмати 5 минг сўм.
Музейга етиб бориш учун туристлар зинали йўлакдан юришлари керак.
















































