Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2019 йилнинг 14-15 апрель кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни Қозоғистон Республикаси президенти лавозимига киришгани муносабати билан самимий табриклади ҳамда Қозоғистоннинг замонавий тараққиётига ва хорижий давлатлар билан кўп томонлама алоқаларининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган давлат арбоби ва халқаро миқёсдаги сиёсатчи сифатида унинг катта тажрибага эга эканлигини қайд этди.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги қардошлик алоқалари ва стратегик шерикликни, шу жумладан, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришда Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг муҳим ролини алоҳида таъкидладилар.

Шу ўринда, президент Қ.Тоқаев президент Ш.Мирзиёевга Қозоғистон олиб бораётган, ўзбек-қозоқ муносабатларини ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсий курснинг давомийлигини таъминлашга қатъий эканлигини таъкидлади.

Музокаралар давомида президентлар анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик руҳида икки томонлама муносабатлардаги асосий масалалар, томонларни қизиқтирадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилдилар, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги чуқур тарихий ва маънавий алоқаларга, аҳил қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган яқин ва мустаҳкам дўстлик муносабатларининг кенгайиб бораётганлигини мамнуният билан қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш икки қардош халқнинг манфаатларига мос келишига ишонч билдирдилар.

Президентлар 1998 йил 31 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома ва 2013 йил 14 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги Шартномада мустаҳкамланган принцип ва мажбуриятларга қатъий содиқ эканликларини тасдиқлаб, баёнот бердилар. Баёнот матни ТИВ томонидан келтирилди:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2017-2019-йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик Стратегиясининг изчил амалга оширилиши икки мамлакат стратегик манфаатларининг муштараклиги асосида иқтисодий соҳадаги ўзаро фойдали ва самарали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.