Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин тор ва кенг доирада музокара ўтказди. 
 
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни мамлакатга ташрифи билан қутлаб, бу узоқ кутилган ва муҳим ташриф эканини таъкидлаган.

– Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли ва устувор шериги. Мен 2017 йилги учрашувимизни мамнуният билан эслайман. Музокараларимиз самимий ва конструктив руҳда ўтган, салмоқли ҳужжатлар имзоланган эди. Бу кейинги йиллардаги ҳамкорлик ривожига асос бўлди. Сизнинг ушбу ташрифингиз давлатлараро муносабатларимизга янги импульс беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корея Республикаси президенти Ўзбекистонга таклиф учун миннатдорлик билдирди.

– Ўзбекистон қадимий ва бой тарихга эга, Буюк ипак йўлининг маркази бўлган ўлка. Бугунги кунда мамлакатингиз ўз тараққиётининг янги эрасига қадам қўймоқда. Ўзбекистонни Жанубий Кореянинг савдо ва инвестициявий алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган “Янги шимолий сиёсат”ида муҳим ўрин тутувчи шерик деб биламиз. Сизнинг Сеулга ташрифингиз чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштиришга эришгандик. Бу сафар уни алоҳида стратегик даражасига кўтариш ниятидамиз, – деди Мун Чжэ Ин.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро манфаатли йўналишларни топиш, “соатларни солиштириб олиш” мақсадида сиёсий мулоқот ва маслаҳатлашувларни фаол давом эттириш бўйича якдил фикр билдирилди. 

Икки мамлакат ҳамкорлиги, халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди. 

Савдо-иқтисодий алоқалардаги ўсиш суръатлари ижобий баҳоланиб, уни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги қайд этилди. Шу мақсадда ҳуқуқий ва институционал инфратузилмани такомиллаштириш, турли даражадаги ташрифлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг минтақада яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, Орол фожиаси оқибатларини камайтириш, Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўзбекистон Корея Республикасининг Корея ярим оролида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тинчликсевар сиёсатини маъқуллайди.