«(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас» (Жин сураси, 26).
Комиллик йўлида ҳалол меҳнат қилиш, ҳаёт машаққатларини сабру қаноат билан енгиб ўтиш, эзгу мақсадга эришишда тўғри ва холис йўлни танлаш азалдан халқимиз эътиқодига хос инсонийлик мезонларидан ҳисобланган.
Аммо бугун шиддат билан ривожланаётган фан-техника асрида инсонларнинг нафақат ўзидаги билим ва тажриба, истеъдод ва имконият ёхуд улар учун яратилган моддий-маънавий, техник ва технологик имкониятлардан, балки сеҳр-жоду, фолбинлик, афсунгарлик билан боғлиқ ғайритабиий хизматлардан фойдаланишга рағбати тобора ошиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бу нимадан далолат беради?! Бундан англаш мумкинки, айрим одамлар ўз мақсадларига (хоҳ у эзгу, хоҳ у ёвуз ниятлар бўлсин) қандай йўл билан бўлмасин, тезроқ етишга интилмоқдалар. Нима учун? Чунки эзгу мақсадлар йўли – олис ва машаққатли. Унга етишиш учун пешона тери тўкиш, машаққатларни сабот билан енгиш лозим бўлади. Аммо айрим кимсалар, таассуфки, бундай ёруғ йўлни танламаяптилар. Улардаги танбаллик, сабру қаноатсизлик ёки фақатгина ўзи ва ўз бахти, омадини ўйлашдек худбинлик иллатлари уларни қандай йўл билан бўлмасин мақсад-муддаосига эришишга ундамоқда.
Табиийки, уларга одамлар тақдирини айтиб берувчи, уларнинг мулки ва оиласига ғайритабиий кучлардан фойдаланиб, таъсир ўтказишни даъво қилувчи сеҳргар, фолбин, коҳин ва бошқа шахслар ўз хизматларини таклиф қилмоқдалар. Ҳаттоки интернет тармоғида уларнинг очиқдан-очиқ тарғибот ишларини кўришимиз мумкин.
Ташқаридан қараганда, гўёки «одамларнинг ишларини юриштириб юбораётган», «бахтини очиб берадиган», «мансабини кўтариб юборадиган» сеҳр-жоду эгалари бугун кўп одамларнинг онгу хаёлини банд қилиб олган.
Аслида ғайб сири, ғайб сирларидан огоҳлик фақатгина Яратганнинг ихтиёрида. Бу ҳақда муқаддас ислом динимизда бот-бот уқтиришлар келтирилган.
Муаммо шундаки, уларнинг макрига учган кўплаб одамлар бугун ўз топган даромади, оиласи, фарзандлари ризқини қийиб, уларнинг насибасини фолбинлар ҳукмига қўшқўллаб топширмоқдалар ва алданиб қолмоқдалар.
Бугун маҳаллаларда ёки кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фолбинларнинг эшиги олдида навбатда турган кишиларни тез-тез учратиш мумкин. Бир қарашда уларнинг фаолиятини худдики тадбиркорликка ҳам ўхшатиб юборасан беихтиёр. Аммо ундай эмас, ҳақиқий тадбиркор халқни алдамайди, унга холис хизмат кўрсатади. Ундан одамлар манфаат топадилар.











