Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида Хонқа тумани, Томадурвадик қишлоғида шахсий сайёр қабулини ўтказди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

“Ваисниёз – Қаҳрамон” фермер хўжалигига қарашли дала шийпонида ташкил қилинган тадбирда Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Ғайрат Абдуллаев, Халқ қабулхонаси раҳбари Султонбой Бердиқиличев, сектор раҳбарлари, вилоят ва туманнинг мутасадди ташкилотлари ва давлат идоралари раҳбарлари, ходимлари, маҳалла фаоллари, туманлардан келган мурожаатчилар иштирок этишди.

Тадбирдан олдин, Хонқа туманида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор шахсларга махсус аравачалар ва қўлтиқтаёқлар топширилди. Фарҳод Эрманов ҳозирги пайтда вилоят бўйича 560 нафар ногиронлиги бор одамлар аравача олишга навбатда турганини қайд қилиб, бу муаммони зудлик билан ҳал қилиш бўйича топшириқ берди. Бундан ташқари, аравачаларнинг тантанали топшириш маросимини уюштириш шарт эмаслигини таъкидлади.

Шахсий сайёр қабулининг бошланишидан олдин, Фарҳод Эрманов бу сафар унинг шакли ўзгача бўлишини, хусусан, тадбирга барча туманлар ҳокимларини чақирганини, мурожаатчилар аввало, шу ернинг ўзида туманининг раҳбари олдига бориб, муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишини, агар ечимдан норози бўлса, ҳокими билан бирга олдига келиши шартлигини тушунтирди. Вилоят раҳбари буни об-ҳавонинг кутилмаганда совиши ва қабулнинг чўзилиб кетиши мурожаатчиларга ноқулайлик туғдириши, шунингдек, муаммоларнинг тезроқ ҳал қилиниши билан изоҳлади.

Фарҳод Эрманов туман ҳокимликлари аҳоли мурожаатларига етарли даражада эътибор бермаётганини, ҳокимлик биноси суткасига 24 соат давомида очиқ бўлишини, туман раҳбари эса ҳафтанинг 5 куни давомида халқ мурожаатларини ўрганиб, уларнинг ечимини топиши шартлигини таъкидлади.