2019 йил январь-март ойларида Ўзбекистон бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 049,7 минг сўмни (иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд) ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 32,2%га ўсишни таъминлади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
2019 йил январь-март ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича иш ҳақи таҳлили қуйидагиларни кўрсатмоқда: таълим соҳасида 22 947 та муассасада 1 024,8 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 38,1%) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 5 207,6 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 31,5%) ташкил этган. Мазкур соҳада ишловчиларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 693,9 минг сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 37,3%га ўсди.
Ушбу соҳадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўриладиган бўлса, яъни ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 2 133,3 минг сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 125,9%), Жиззах вилоятида 1 737,7 минг сўмни (102,6%) ва Тошкент вилоятида 1 712,4 минг сўмни (101,1%) ташкил этган бўлса, Қашқадарё вилоятида 1 531,9 минг сўмни (90,4%) ва Фарғона вилоятида 1 555,4 минг сўмни (91,8%) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.
Саноат иқтисодий фаолият турида 575 та корхонада 475,1 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 17,7%ни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 4 043,7 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 24,5%ни) ташкил этган. Саноат соҳасида ишловчиларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 836,9 минг сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 22,6%га ўсди.
Ушбу соҳадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўриладиган бўлса, яъни ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Навоий вилоятида 3 446,1 минг сўмни (121,5%), Қорақалпоғистон Республикада 3 418,8 минг сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 120,5%), Тошкент вилоятида 3 141,4 минг сўмни (110,7%) ва Тошкент шаҳрида 2 924,5 минг сўмни (103,1%) ташкил этган бўлса, Наманган вилоятида 1 781,7 минг сўмни (62,8%), Жиззах вилоятида 1 827,5 минг сўмни (64,4%) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.
















