Жамият | 11:22 / 25.04.2019
30244
2 дақиқада ўқилади

Қутқарувчилар Қашқадарё вилоятида жабрланган фуқарони вертолёт ёрдамида эвакуация қилишди

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Жорий йилнинг 22 апрел куни ФВБ навбатчилик қисмига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали томонидан Деҳқонобод туманида трактор ағдарилиши натижасида жабрланган оғир аҳволдаги фуқарога ёрдам кўрсатиш зарурлиги бўйича мурожаат қилинган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.М. бошқарувидаги трактори билан дала майдонига экин экиш вақтида, сурункали ёмғир ёғиши таъсири ҳамда техника хавфсизлигига қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида ағдарилиб кетган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Натижада, оғир тан жароҳати олган Б.М. Оққишлоқ аҳолиси томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатиш учун қишлоқ врачлик пунктига олиб борилган. Мутахассисларнинг кўриги натижасида, жабрланганга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозимлиги аниқланиб, беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказиш эҳтиёжи юзага келган. Бироқ ноқулай об-ҳаво, йўллардаги носозлик, қолаверса, қишлоқ ва туман маркази ўртасидаги олис масофа туфайли беморга зудлик билан ёрдам кўрсатиш имконияти йўқ бўлган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Шу муносабат билан, Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг мурожаати асосида Жануби-Ғарбий алоҳида ҳарбий округ томонидан беморни эвакуация қилиш учун Мудофаа вазирлигига тегишли МИ-171 вертолёти ажратилиб, фуқаро Б.М. қутқарувчилар назорати остида Қарши шаҳридаги Хонобод аэродромига етказилган.

Бемор аэродром ҳудудидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказилди. Ҳозирги вақтда беморга барча зарурий ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид