24 апрелдаги маълумотларга кўра, 21 апрелда содир этилган терактларда 359 киши ҳалок бўлган, яна 500 га яқин одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Шри-Ланка соғлиқни сақлаш хизмати бош директори Анил Жасингхенинг маълум қилишича, қурбонларнинг реал сони 250-260 нафар бўлиши мумкин.

“Аниқ айта олмайман. У ерда сочилиб ётган кўплаб тана қисмлари бор эди ва аниқ сонни айтиш қийин”, деб айтган Жасингхе.

Ўз навбатида мудофаа вазири ўринбосари Руван Вийеварден қурбонлар сони ўликхоналар томонидан тақдим қилинган ноаниқ маълумотлар сабабли 253 нафаргача камайиши мумкинлигини айтган.

Шри-Ланкада 21 апрелда пойтахт Коломбо, унинг атрофидаги ҳудудлар, Негомбо ва Баттикалоа шаҳарларида 8 та портлаш содир этилган. 3 та портлаш Пасха нишонланиши вақтида черковларда, қолганлари эса меҳмонхоналарда амалга оширилган.

Ушбу портлашлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.