Андижон вилояти, Асака туманининг катта қисми адирликлардан иборат бўлганлиги боис, кўп маҳаллаларда ичимлик суви жуда долзарб муаммо. Бу ҳудудларда нафақат ичимлик суви, балки экинларни суғориш учун сув танқислиги масаласи ҳам мавжуд.

Шу ҳафта бошидан бери туманнинг шаҳарга яқин бўлган Файзобод, Зарбдор, Шоҳимардон маҳаллаларидан аҳоли вакиллари ичимлик суви қувурлари ноқонуний қазиб олиб кетилаётгани бўйича кўп бора мурожаат қилишди.

Арзномалар Kun.uz сайти электрон почтасига ҳам келди. Қўнғироқлар ҳам тўхтамади. Охири ўша ерлик аёллар алоқага чиқиб, “Келмасаларинг бўлмайди! Муаммо жиддий. Адирни тепасида кутиб ўтирибмиз”, дея масалани кўндаланг қўйишди. Бошқа жойдаги хизмат сафарларидан ошиниб Асака томон йўл олдик. Эргашобод МФЙ ҳудуди тепасидаги адирлик томонга чиқиб борганимизда, бизни 15 нафар аёл ва шунча эркак кутиб турар эди. Эркак кишилар-ку майли, аёлларнинг беш кундан бери қир тепаси, қувур кавланаётган жойда “навбатчи” бўлиб тургани масала жиддий эканлигидан дарак эди.

Муаммо нимада?   

Айнан биз чиққан Эргашобод маҳалласи тепасидан аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи “Хонобод-Андижон-Асака” магистрал сув тармоғи, диаметри 1000 мм бўлган қувур орқали ўтган бўлиб, 16 апрель куни Файзобод, Янги Сор, Зарбдор маҳалла аҳли мазкур ҳудудда қазиш ишлари олиб борилаётганидан хабар топишади.

Қарангки, туман ҳокимининг ҳеч қандай қарор ёки фармойишисиз қазиш ишлари олиб бораётган “уддабурон” фирма соз ҳолатдаги диаметри 1000 мм бўлган қувурларни чириб, яроқсиз ҳолга келган диаметри 400 мм бўлган қувурларга алмаштириб кетишни кўзлаган. Маҳаллий аҳоли туман “Сувоқава” ташкилоти билан бирга иш олиб бораётган “уддабурон” фирманинг 7 км узунликдаги катта қувурларни қазиб олишга уринаётганида тўхтатиб қолиш учун ҳаракат қилмоқда.  

Бундай қазиш ишлари Файзобод ва Эргашобод маҳалласи тепасида бошлаганида оқсоқоллар хабар топади. Маҳалла аҳли ўзларига ичимлик суви келадиган қувурларни ҳимоя қилгани ҳаракатга тушади. Туман ҳокимлиги ва турли мутасадди ташкилотларга зудлик билан мурожаат қила бошлашади.