Бугун, 27 апрель куни пойтахт марказида, Санъат галереяси ёнидаги «Мовий гумбазлар» истироҳат боғида Тошкент шаҳар ИИББ вакиллари томонидан махсус зирҳланган автомобиль намойиш қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Кўринишидан қудрат ва савлат акс этиб турган бу автомобиль дарҳол кўпчиликнинг эътиборини тортди. Махсус металл қоплама билан зирҳланган бу автомобиль бирор томондан ўқ ўтказмайди. Йирик калибрдаги ўқлар металлни тешиб ўтган тақдирда ҳам ҳимоя қопламасидан кейинги махсус капсулалар ўқни тутиб қолаверади.

Бу улкан машина солярка ва бензин билан (асосан солярка, тугаганидан кейингина бензин) ҳаракатланади ва 100 км масофага 18 литр ёнилғи сарфлайди. Оммавий тартибсизликларни бартараф этишга мўлжалланган бу машинада 7-8 ходим бемалол жойлаша олади.

Шунингдек, тадбирда махсус автобус ҳам намойиш этилдики, бу автобусда кўпчиликни қизиқтирган жиҳат – унинг томи устидаги юмалоқ камера бўлди.

50 метр баландликкача кўтарила оладиган камера кундуз кунлари 1,5 км, тунда 1 км масофани тасвирга тушира олади ва интеллектуал дастур кишининг шахсига аниқлик киритади. Автобус ичидаги технологиялар онлайн тарзда ситуацион марказларга уланадилар ва бошқа жойларни кузатиш билан бирга ахборот узатиш имкониятига ҳам эгалар.

ИИББ матбуот хизматидан маълум қилишларича, кенг миқёсдаги тадбирларда интеллектуал камералар қиёфа таниш имконияти туфайли қидирувдаги шахсларни дарҳол аниқлаб бера олади. Мазкур автобус аллақачон синовдан ўтган. Ҳозирда бундай автобуслардан бир нечтаси буюртма қилинган бўлиб, янгилари яна ҳам такомиллаштирилган бўлади.

«Мовий гумбазлар»да «Ёшлар жиноятчиликка қарши» шиори остида ўтган ушбу тадбир Тошкент шаҳар ИИББ ва Бектемир туман ҳокимлиги вакиллари томонидан ташкиллаштирилди. Унда ашула ва рақс дасталари дастурлари, ёш темурбеклар мактаби курсантлари, ўзбек жанг санъати, карате, дзюдо тўгараклари шуғулланувчилари кўргазмали чиқишлар қилди. Тадбирда шаҳар бўйлаб ташриф буюрган имконияти чекланган болажонларга турли-туман совғалар топширилди.