Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаб, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида 26 апрель куни чекка ҳудудлардан бири бўлмиш Гурлан туманидаги Гулистон қишлоғида шахсий сайёр қабулини ўтказди, деб хабар беради Kun.Uz мухбири.

«Гурлан тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи» биносида ташкил қилинган тадбирда Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Ғайрат Абдуллаев, Хоразм вилояти Халқ қабулхонаси мудири Султонбой Бердиқиличев, туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, вилоят ва туманнинг мутасадди ташкилотлари ва давлат идоралари раҳбарлари, ходимлари, маҳалла фаоллари, туманлардан келган мурожаатчилар иштирок этишди.

Фарҳод Эрманов шахсий сайёр қабулига ёзилган мурожаатчиларга аввало шу ернинг ўзида тумани ҳокими билан учрашиб, муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишини, бунинг учун туман ҳокимларини ҳам тадбирга чақирганини, агар мурожаатчи ечимдан норози бўлса, ҳокими билан бирга олдига келиши шартлигини таъкидлади.

Шундан кейин, мурожаатчилар ўз тумани ҳокими билан суҳбатлашиб, муаммонинг ечимини топишга уриниб кўришди. Туман раҳбари билан келишолмаган мурожаатчилар эса шахсан Фарҳод Эрманов олдида ўз ҳокими билан биргаликда масаланинг ечимини топишга ҳаракат қилишди.

Аҳоли мурожаатлари орасида иш билан таъминланиш, уй-жой билан таъминланиш, уй-жой қуриб олиш учун ер ажратиш, уй-жойини таъмирлашда кўмаклашиш, маҳаллани ва мактабни ичимлик суви тармоғига улаш, мактабгача таълим муассасасини таъмирлаб бериш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ажратиш, оғир касалларнинг даволаниши учун моддий ёрдам олиш, қўшимча томорқа ажратиш, кадастр ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашиш, ўзига тегишли уй-жой чегарасига аниқлик киритишда ёрдамлашиш, сигирининг бўғоз бўлмаётгани, суд қарорларидан норозилик, эр-хотин орасидаги низолар, шахсий томорқа ажратиб бериш каби муаммолар бўйича мурожаатлар бўлди.