Ўзбекистон | 12:26 / 30.04.2019
58918
3 дақиқада ўқилади

«Снос» можароси якуни: Тошкент ҳокими ва инвестор ўртасида «ёпиқ эшиклар ортида»ги мулоқот натижаси қандай бўлди?

27 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокимияти биносида шахсий қурилишлар сифатида расмийлаштирилган кўп қаватли уйлар қурилиши тўғрисидаги иш бўйича очиқ баҳс бўлиб ўтган, унда қурилишлари суд ҳукмисиз «снос»га тушгани туфайли маҳаллий ҳокимият фаолиятидан жабрланувчи сифатида инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев ва хусусий қурувчи Азиз Зокиров, шунингдек пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, унинг ўринбосарлари, Artel ва Akfa компаниялари ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этганди.

Мулоқот асосан шаҳар ҳокими инвесторни кетма-кет саволлар билан ўққа тутиши тарзида кечган, инвестор бу баҳсга тайёр бўлмагани кўриниб қолганди. Мулоқот арафасида қурилишлари бузиб ташлангани учун ҳокимликдан 1,35 миллион доллар атрофидаги товон пули талаб қилиб турган инвестор якунда бу даъвосидан воз кечиш ҳолатига келганди - Жаҳонгир Ортиқхўжаев унга ноқонуний фаолияти бўйича мисоллар келтириб ўтганди.

Бир ярим соатга яқин давом этган баҳсдан сўнг томонлар яна алоҳида, яккама-якка мулоқот ўтказишган, бироқ бу учрашув якунлари бўйича ОАВга маълумот берилмаганди.

Биз мазкур масалада Муҳаммадбобур Хўжаевга юзландик ва бўлиб ўтган воқеалар юзасидан ундан навбатдаги фикрларини сўрадик.

«Ўша куни Жаҳонгир Обидович билан тет-а-тет (юзма-юз) шаклида суҳбатлашганимдан сўнг фикрларим мутлақо ўзгарди. Яхши инсон эканлар, мен нотўғри фикрда юрган эканман. Ўша куни менга ўз хатоларимни кўрсатиб, бизнесимга алоқадор тегишли маслаҳатларини берди. Ичида кибри йўқ яхши инсон эканлар.

Кўчада жуда кўп тадбиркорлар билан суҳбатда бўлганман. Ҳам катта тадбиркор, ҳам шаҳар ҳокими бўлиб оддий фуқарога вақт ажратганлари мени ҳайрон қолдирди», - дейди инвестор.

У кейинги ойлар давомида турли нашрларда масалани чуқур ўрганмасдан билдирган фикрларидан афсусдалиги ва бунинг учун ҳаммадан узр сўрашини айтиб ўтди.

Ўша куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев қурилиш бўйича халқаро экспертларни олиб келиб, унинг мулкларини текширтириш бўйича таклиф берганди. Инвестордан мазкур таклифга қандай жавоб беришини сўрадик.

«Бу масаладан кўрқаётганим йўқ. Баъзи биноларда камчиликлар бўлган. Бу масалада мижозлар билан қонунан келишиб олдик. Камера қаршисида ўйнайдиган актёр эмасман. Хатоларимни тўғрилайман. Ҳоким ҳақида тарқалган кўп миш-мишлар ёлғон бўлиб чиқмоқда. Бу шахсий фикрим. Мана ёрдам бермоқда. Бошқа инсонлардан ҳам ўз ёрдамини аямаса керак», - дейди у.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

У агар қайсидур фуқаронинг бирор-бир муаммоси бўлса, ҳокимнинг қабулига ёзилиб шахсан суҳбатлашиши кераклигини маслаҳат берди ва ўзи ҳам бундан кейин қонун доирасида фаолият юритишини таъкидлади. Шунингдек, барча оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва уни қўллаб-қувватлаб турган инсонларга ўз ташаккурини билдириб ўтди.

Зафарбек Солижонов суҳбатлашди

Мавзуга оид