27 апрель куни Kun.uz сайтида «Асакадаги ўн маҳаллага сув борадиган қувурни қўриқлаётган аҳоли ва аёллар ҳақида» сарлавҳаси билан таҳлилий материал эълон қилинган эди. Унда Асака туманининг шаҳарга яқин бўлган Файзобод, Зарбдор, Шоҳимардон ва яна кўплаб маҳаллари, саноат корхоналарини ичимлик суви билан таъминловчи «Хонобод-Андижон-Асака» магистраль сув тармоғидаги қувурлари ноқонуний қазиб олиб кетилаётгани баён этилганди.
Аҳоли вакиллари диаметри 1000 мм бўлган қувурлар ҳеч қандай ҳужжатларсиз кавлаб олиб кетилиб, уларнинг ўрнига диаметри 315 мм бўлган қувурлар ўрнатилаётганидан арз қилишган.
Мазкур ҳолат кенг омма эътиборига ҳавола қилингач, Уй-жой коммунал вазирлиги томонидан муаммони ўрганиб ҳал қилишга киришган. Вазирлик нашрга ушбу ҳолат бўйича тезкор ишлар амалга оширилаётгани ҳақидаги маълумотларни тақдим қилди.

Унга кўра, хитойлик инвестор томонидан Асака туманида корхона қурилиши учун ажратилган ер майдонида олиб борилаётган қазиш ишлари жараёнида «Хонобод-Андижон-Асака» сув қувурининг Эргашобод МФЙ ҳудудидан ўтган қисмида Асака туман «Сувоқова» филиали раҳбари туман ҳокимлиги ва вилоят «Сувоқова» ДУК раҳбариятини хабардор этмасдан, тегишли ҳужжатларсиз, диаметри 1000 мм бўлган марказий сув қувурининг 320 метр қисмини кавлаб олиб, ўрнига диаметри 315 мм.ли полиэтилен қувур ётқизгани аниқланган.
Маълумотномада вазирлик мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берган: «Жорий йилнинг 28 апрель кунидан бошлаб, янги уланган диаметри 315 мм.ли полиэтилен қувурдан аҳолига жадвал асосида сув етказиб бериш қайта йўлга қўйилган. Шу куннинг ўзида, вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда вилоят «Сувоқова» ДУК ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, аҳолига бир маромда сув етказиб бериш бўйича мутахассислар хулосалари асосида жойида ўрганилди.
Ўрганиш давомида аниқланишича, мазкур тармоқнинг лойиҳалаштиришида ва қурилиш даврида ернинг географик жойлашуви, паст-баландликлари инобатга олинмагани, гидравлика талабларига тўлиқ риоя қилинмагани сабабли, 1-1,5 км узунликдаги тармоқда 3та энг катта чуқурликлар бўлиб, қувурнинг жойлашув чуқурлиги ўртача 60-70 метрни ташкил этади.

















