ИИББ Тошкентдаги руҳий касалликлар клиник шифохонасида рўй берган ҳодиса бўйича маълумот берди
Турмуш ўртоғи А.И. Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида даволанаётган аёлнинг мурожаати интернетда эълон қилинди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ.
Ўз мурожаатида у шифохонада даволанаётган беморлар бу ерда ишловчи тиббий ходимлар томонидан мунтазам таҳқирланиши ҳақида хабар берган.
Қайд этилишича, бундан олдин, 25 апрель куни 102 рақамига фуқаро Р.А.дан хабар келиб тушган. У юқорида кўрсатилган беморнинг қариндоши бўлиб, шифохона тиббий ходими бемор А.И.га тан жароҳатлари етказгани ҳақида айтган.
Ушбу мурожаат бўйича Миробод тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, унинг натижалари бўйича қонунчиликда кўзда тутилган чоралар кўрилади.
Пойтахт ИИББ хабарига кўра, ушбу мурожаат Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча қатор нашрларда тарқалган видеода тиббий форма кийган шахснинг касалхона йўлагида беморни ерга йиқитгани ва устига миниб икки қўли билан бўйнидан ушлаб тургани тасвирланган.
Маълумот учун: 1896 йилда қурилган Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси 2013 йилда қайта таъмирланган.