Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Солиқлар соясида: энди кўзи ожизлардан ҳам солиқ олинадими?
Dizayn Print МЧЖ ва Металлург МЧЖ корхоналарининг 2018 йилдаги йиллик тушуми 1 миллиард сўмдан ошган. Янги таҳрирдаги солиқ кодексига кўра, энди бу корхоналар ҳам солиқ тўлайди. Нега тўламаслиги керак, дея таажжубланишингиз табиий, бироқ ушбу корхоналарда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган кўзи ожиз инсонлар меҳнат қилади.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Республика бўйлаб Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти томонидан ташкил қилинган 76 корхонада бугун кўзи ожиз, кўришда ногиронлиги бўлган мингдан ортиқ киши ишлаяпти. Корхоналар Солиқ кодексининг 358 модда 1 қисмига кўра ягона солиқ тўловини тўламайди. Шунингдек, 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5270-сон Фармон билан тасдиқланган Давлат дастури, шунингдек, 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбарлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғриси”да ПҚ-3782-сонли қарорлар ҳам ушбу турдаги корхоналарга енгиллик ва имтиёзлар берилишини назарда тутади.
2018 йилнинг 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сонли фармонга мувофиқ 2019 йил 1 январдан эътиборан ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш, барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, тушуми 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни жорий этиш назарда тутилган.
Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси тасдиқланган ҳолда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимидаги корхоналар ҳам юқоридаги каби солиқлар тўлаши керак бўлади.

Бу корхоналарда ҳам техник ва технологик янгиланишларни жорий қилса бўлади, бироқ мазкур корхоналар ногиронларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида асосан қўл меҳнатидан фойдаланишга мажбур. Кўзи ожизларга соғлом ишчиларнинг кўмаги, ресурслар ва реабилитация воситалари керак. Давлат томонидан шу вақтга қадар солиқ имтиёзларининг қўлланиши, турли енгилликлар эвазига таннархи баландлигига қарамай, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозор нархига мослаштириб келинган.
Умумбелгиланган солиқлар тўловининг Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимидаги корхоналарга нисбатан ҳам қўлланилиши, дастлаб, кўзи ожизларни иш билан таъминлаган корхона маҳсулотлари нархининг ошишига, сўнгра иқтисодий таназзулга юз тутишига сабаб бўлади. Айни корхоналарда ишлайдиган кўзи ожиз ишчилар ва уларнинг соғлом оила аъзоларининг моддий таъминотига ҳам жиддий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Kun.uz мухбири вазият билан яқиндан танишиш, ҳолатга нисбатан фикрларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раисининг биринчи ўринбосари Эргаш Норпўлатов, жамиятнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Рустам Асқаров билан суҳбатлашди ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган Dizayn Print, Металлург ўқув ишлаб чиқариш корхоналаридаги иш жараёнини кузатди.
ЎзКОЖ раисининг сўзларига кўра, ташкилот солиқ имтиёзлари масаласида йўллаган мурожаатлари учун Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасидан тайинли жавоб олмаган.
«Мана 87 йилдирки, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти кўришда нуқсони бўлган инсонларга бошқалар билан тенг яшаш имконини яратиш, уларнинг руҳиятини мустаҳкамлаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, улар орасида турли тадбирларни ташкил этиш каби ишларни амалга оширувчи ягона бир куч сифатида давлатнинг дахлдор ташкилотларига яқиндан кўмаклашиб келмоқда.
Халқимиз ўзининг бағрикенглиги билан жаҳон жамоатчилигининг олқишига сазовор бўлиб келган донишманд халқ ҳисобланади. Айниқса, халқимизнинг меҳри ва саховатпешалигини ногиронлиги бўлган инсонлар қалбдан ҳис қилиб келади.
Шунча йиллар давомида жамият давлат ҳар томонлама кўмак кўрсатиб, рағбатлантириб келган. Янги таҳрирдаги солиқ кодексига биноан энди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимидаги тушуми 1 миллиард сўмдан ошган корхоналар умумбелгиланган солиқ тўловларини тўлашлари керак бўлади.

Ногироннинг меҳнат билан бандлиги мамлакатдаги турмуш даражасини белгиловчи омиллардан бири ҳисобланади. Жисмоний имконияти чекланган инсон ишласа, унинг оиласида ҳам руҳий тетиклик бўлади.
Юртдошларимиз, дахлдор давлат идоралари мутасаддиларидан илтимос қилардикки, янги таҳрирдаги солиқ кодексида, аввалгидек берилган имтиёзлар келгусида ҳам татбиқ этилса, айни муддао бўларди.
Ўйлайманки, 2017 йил 1 декабрда Президентимиз томонидан имзоланган 5270-сонли фармон билан Давлат дастури тасдиқланган. Дастурнинг 14-бандида ногиронлар жамиятлари корхоналари фаолиятини давлат томонидан рағбатлантириш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бундай корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни давлат ҳаридларини реализация қилиш қатъий белгилаб берилганди.
Қатор вазирлик ва идораларга жамият томонидан расмий мурожаатларни жўнатдик. Мурожаатларимизда солиқ имтиёзлари замирида кучли ижтимоий сиёсат ётганлигини ҳам кўп марта назарда тутганмиз. Расмий мурожаатларимизга нисбатан Солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан солиқ имтиёзларининг татбиқ қилиниши масаласи муҳокамаларда кўриб чиқилиши маълум қилинган. Ҳали ҳануз тайинли жавоб олганимиз йўқ. Шу сабабли мурожаатларимизни давом эттираяпмиз.

Азиз ватандош, кўзингизни юмиб, уч-тўрт қадам ташлаб кўринг. Шундагина кўзи ожизларнинг яшаш тарзини ҳис қилган бўлардингиз. Улар бугун нафақат 3-4 қадам ташлаш, балки оиласини боқиш, фарзандларини эл-юрт корига ярайдиган фарзандлар қилиб тарбиялашни орзу-умид қиладилар», дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раисининг биринчи ўринбосари Эргаш Норпўлатов.
Dizayn Print корхонаси босмахонасининг бошлиғи Баҳром Ҳасанов иши тўғрисида сўзлаб берди.
«Корхонада кўз ожиз инсонлар китобларни саҳифалаш, териш, муқовалаш билан шуғулланади. Биз – 15 киши қилаётган ишларни иккита соғ одам ҳам уддалай олади. Корхона шунча ишчининг маошига икки инсонни олиб келса бўлади. Унда биз нима қиламиз? Давлат ёшларга, болаларга билим бериш борасида ғояларни илгари сураяпти. Бизнинг ҳам ўз орзу-ниятларимиз бор. Фарзандларимиз репетиторга, тил ўрганишга, футбол машғулотларига боради – буларнинг бари маблағ талаб қилади. Мен ишсиз қолиб кетиш оғирлигини тушунтириб бера олмайман.
Мен ва бошқа ишчилар 800 минг сўм атрофида маош оламиз. Ишхонамизда эса тушлик шу ернинг ўзида ташкил қилинади. Овора бўлиб кўчага чиқиб юришимизга ҳожат йўқ».
Dizayn Print корхонаси яқинида Металлург ўқув ишлаб чиқариш корхонаси ҳам жойлашган бўлиб, бу ерда қурилиш-монтаж ишларида фойдаланиладиган металл қурилиш воситалари, кўзи ожизлар учун йиғиладиган ҳассалар ишлаб чиқарилади.
Ушбу корхонада 26 ёшли Умиджон Туропов ишлайди. У мусиқага ҳам қизиқади ва айни пайтда Ўзбекистон давлат консерваториясида мақом йўналишида таҳсил олади. Унинг айтишича, ўқув даргоҳига бешинчи уринишда кирган ва аввал ҳам шу корхонада ишлаган.
«Иш бўлса, тушликдан кейин келиб ишламоқчи эдим. Тенгдошларимга айтган бўлардимки, кўпроқ ҳаётга, яшашга интилиш керак. Одамларга фойдаси тегиб яшашни ҳис қилиш – бу бахт. Турли ёмон нарсаларга вақт сарфлагандан кўра ҳаётда нимагадир эриша оладиган, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлишга ҳаракат қилишларини тилаб қолган бўлардим» дейди Умиджон Туропов.
Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ўз ичига 66 минг кўзи ожизларни бирлаштиради. Жамият фаолияти Давлат бюджетидан ёки бирор бир бошқа молиявий манбаа хисобидан молиялаштирилмаган. Юқорида таъкидланганидек, компаниялар солиқ имтиёзларидан маҳрум этилган тақдирда ташкилот ажратма маблағларсиз инқирозга юз тутади.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Абдусаид Мирҳамидов ушбу масалалар юзасидан қуйидагича таклиф берган:
Қайд этиш жоизки, ушбу муаммоларни ҳал этишда қуйидаги таклифлар ечим бўла олади:
1. Янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган солиқ кодекси ишчи комиссияси таркибига Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакилини киритиш ва уни муҳокамаларда иштирок этишини таъминлаш;
2. 2019 йил 1 январдан эътиборан ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган Жамият тизимидаги корхоналарга нисбатан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилиши давом этиши ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказишда мавжуд имтиёзлар: юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлашдан озод этиш имтиёзи сақланиб қолиниши, жамиятнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари учун қўлланиб келинаётган худди шундай солиқ имтиёзлари келгусида ҳам тадбиқ этилиши;
3. Агар қўшимча қиймат солиғидан жамият корхоналарининг озод этилиши имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу корхоналар томонидан тўланган қўшимча қиймат солиғи ҳар чоракда ҳисоб-китоб қилиниб, давлат томонидан дотация сифатида айни корхоналарга қайтариб бериш тартибини жорий этиш;
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қуватлаш тизимини тубдан такоминлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5270-сонли Фармон билан тасдиқланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга оид комплекс чора-тадбирлар” Давлат дастурининг 14-банди (Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари корхоналарини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, улар маҳсулотлари ҳамда хизматларига давлат харидлари бўйича мажбурий буюртма квоталари белгилашни назарда тутувчи чора-тадбирларни кўриш) талабларига кўра, ЎзКОЖ тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматларни давлат харидлари асосида сотиш ва реализация қилиш. Бунда Ўзбекистон Республикасида давлат харидлари тўғрисида қонунига ижтимоий харидлар тўғрисида қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, умумий давлат харидларининг камида 30%ини ижтимоий харидларга ажратиш, ижтимоий харидларда ногиронлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида давлат ташкилотлари томонидан харид қилишни назарда тутиш;
5. 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами банндлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғриси”да ПҚ-3782-сонли қарорига мувофиқ жамият корхоналарини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мазкур ҳужжатни тасдиқлашга эришиш.
Kun.uz вазият юзасидан Ўзбекистон давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилди. Қўмита матбуот хизмати томонидан шундай жавоб берилди:
«Шу билан бирга, 2018 йилдан солиқ ва божлар бўйича имтиёз ва преференцияларни қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарорлари билан конкрет мақсадга эга тармоқлар, фаолият соҳалари ва ҳудудларга ва аниқ ижтимоий, иқтисодий, молиявий натижаларга эришишни таъминлаш учун тақдим этилади.
Истисно ҳолатларда - хусусий секторнинг сармоя киритишга қизиқиши бўлмаган, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асосга эга бўлган, Ўзбекистон Республикасининг халқаро келишувларига кўра амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексини янги таҳрирда тайёрлашда солиқ ислоҳотлари доирасида солиқ даврида ялпи даромадлари бир миллиард сўмдан ортиқ бўлган, умумбелгиланган солиқларни тўлаш масъулияти сақланади.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси тайёрлаб бўлинганидан сўнг Давлат интерактив хизматлари ягона портали regulation.gov.uz’га муҳокама учун жойланади».
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг изоҳидан тушуниш мумкинки, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг мурожаатини фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ёки фармони билан қаноатлантириш мумкин холос.
Айни дамда Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва турли даражада ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳукумат миқёсида турли қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлса-да, одатда бу ҳужжатлар амалда ўз исботини топмайди.
Республиканинг чекка ҳудудлари, баъзи туманларида реабилитацион воситалар, ногиронлар аравачалари ва пандусларнинг етишмаслиги, жамиятда улар ўз ўрнини топишида юзага келаётган қийинчиликлар юзасидан мурожаатлар кўп учрайди.
Мисол учун, 12 март куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Адлия вазирлиги ва УСАИД Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури (ЖРУП) билан ҳамкорликда консултатив учрашув бўлиб ўтганди.
Ушбу учрашувда Ногиронлар ассоциацияси вакили Фарҳод Абдураҳмонов ногиронлиги бўлган шахслар бўйича соҳадаги мавжуд камчиликларни санаган – ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан телефон ёки бошқа қурилмаларда махсус иловалар, кўриш ва эшитишда нуқсони бор фуқароларга ҳуқуқий ва бошқа махсус адабиётлар мавжуд эмаслиги танқид остига олинганди.
Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ва Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти томонидан турли хайрия тадбирлари ташкил этиб келинади. Жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ўзини руҳан ожиз ҳис қилмаслиги учун соҳа мутахассисларининг сони ва малакасини ошириш зарур.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, жаҳонда ўз ижобий имижини яратишга интилаётган Ўзбекистон ижтимоий адолат тамойиллари жиҳатидан ҳам ўзини намойиш қилиши учун вақт келди.
Юқори доираларда халқаро ижобий имиж кўп ҳолларда турли статистика ёки етакчилик рўйхатларида қувиш ортидан келади, деган нотўғри фикр шаклланган. Аслида эса мамлакатнинг ижобий имижи унинг фуқаролари (ижтимоий келиб чиқиши, жинси, эътиқоди, ногиронлиги бор ёки йўқлигидан қати назар) ҳаёти нақадар фаровон эканлигидан, эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончидан қувват олади.
Мавзуга оид
21:19 / 07.07.2021
Жисмоний шахслар ЯТТ сифатида таксичилик қилганда қанча солиқ тўлайди?
10:06 / 02.07.2021
130та давлат халқаро солиқ тизими киритилишини маъқуллади
11:27 / 27.06.2021
Соядаги иқтисодиёт: Одамлар нега солиқдан қочиш ва яширин даромад олишга интилишади?
15:37 / 18.06.2021