Жаҳон | 18:18 / 01.05.2019
19211
4 дақиқада ўқилади

Зеленскийнинг олигархлар билан алоқаси борлигига шама қилувчи далил пайдо бўлди

Фото: REUTERS

Владимир Зеленскийнинг рафиқаси, яқин бир ой ичида Украинанинг биринчи хонимига айланадиган Елена Зеленская 2013 йилда бизнес-магнат Александр Бурякка тегишли шоҳона хонадонни ярим нархидан ҳам арзонроққа сотиб олган. Ваҳоланки, Зеленский сайловолди кампанияси вақтида ўзини Украина бизнес ва сиёсат оламининг бадавлат элитаси билан алоқаларга эга бўлмаган мустақил шахс сифатида кўрсатганди, деб ёзади Reuters.

Бўлажак президент сайловлар арафасида топширган даромад ва мол-мулк декларациясида кўрсатилишича, унинг рафиқаси Елена 2013 йил апрель ойида – Россия Қримни аннексия қилишидан бир йил олдин – Ялтадаги «Emperor» мажмуасидан уч хонали пентхаусни 163,893 долларга сотиб олган, бунда хонадоннинг бир квадрат метр майдони тахминан 1,263 доллардан тушган.

Фото: REUTERS/David Axelrod

Бироқ Украинанинг кўчмас мулк бозорига оид domik.ua сайтида 2012 йилда чоп этилган рўйхатда «Emperor» турар-жой мажмуасидаги апартаментлар нархи бир квадрат метр учун 3,500-4,000 доллар орасида кўрсатилган. Ёки бошқа бир ресурс – indoor-estate.ru сайтига 2012 йилда жойлаштирилган рўйхатда ушбу комплексдаги хонадонларнинг энг паст нархи метр-квадратига 2,800 доллардан тўғри келиши қайд этилган.

Қримдаги кўчмас мулк агентларидан бирининг тасдиқлашича, «Emperor»га ўхшаш турар-жой мажмуаларидаги апартаментлар 2013 йилда бир квадрат метри учун 2,500-3,000 доллардан ҳисоблаб сотилган, алоҳида ҳолларда эса бу нарх 5,000 долларга ҳам етиши мумкин бўлган.

Фото: REUTERS/David Axelrod

Қора денгиз соҳилидаги хонадон Елена Зеленскаяга нима учун бозор нархига қараганда икки баробардан ҳам пастроқ нархда сотилгани номаълум. Reuters бунга изоҳ олиш учун бўлажак президент ва унинг рафиқасига сўров юборган, аммо бу сўровлар Зеленскийнинг штаби ва у эгалик қиладиган компаниялар томонидан жавобсиз қолдирилган.

Агентлик, шунингдек, олигарх Александр Буряк билан ҳам боғланган. Кўчмас мулк ҳужжатларига кўра, Зеленская апартаментни айнан ушбу бизнесмендан харид қилган. Буряк Reuters билан телефон орқали суҳбатида 6 йил олдинги уй олди-сотдиси масаласида изоҳ беришдан бош тортган, ёзма мурожаатларга эса жавоб қайтармаган.

Фото: REUTERS/David Axelrod

Бугун, 1 май куни Зеленский штаби матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди, унда пентхаус бозор қийматида сотиб олингани таъкидланади:

«Кўчмас мулк бозор нархида харид қилинган, барча солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланган. Олди-сотди шартномаси Киевда нотариал рўйхатга олинган», – дейилади баёнотда. Маълум қилинишича, Зеленскийлар оиласи Қрим Россия томонидан аннексия қилингани туфайли бу уйда мутлақо яшашмаган.

«Зеленскийлар оиласи, Қрим шак-шубҳасиз Украинага қайтарилганидан сўнг, бу уй-жойдан фойдаланиш ниятида. Шундай экан, бу – навбатдаги уйдирма-сенсация, у ҳеч қандай асосга эга эмас», – дея таъкидланган Владимир Зеленскийнинг матбуот хизмати билдиришида.

Қайд этиш керак, Зеленскийнинг сиёсий рақиблари уни мамлакатнинг бошқа бир йирик олигархи Игорь Коломойскийнинг таъсир доирасида эканини айтишади – ушбу бизнесмен тасарруфидаги «1+1» телеканалида Зеленскийнинг шоулари трансляция қилинади. Аммо бўлажак президент ҳам, Коломойский ҳам бу тахминларни тўла рад этиб келишган.

Маълумот учун, Forbes Олий Раданинг собиқ депутати ҳисобланувчи Александр Бурякнинг бойлигини апрель ойида 82 млн долларга баҳолаган. Президентлик сайлови вақтида у Зеленскийни қўллаб-қувватлаган: сайлов куни Зеленский туғилган Кривой Рог шаҳрида сайлов қонунчилигига риоя этилишини кузатувчилар кампанияси таркибида бўлган.

Мавзуга оид