Навоий вилоятида 30 апрель-1 май кунлари “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форуми бўлиб ўтди. Бу йилги форумда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларининг 250 нафардан ортиқ ишбилармонлари, салоҳиятли инвесторлари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги мухтор элчилари ва дипломатлари иштирок этди.
Бизнес форумнинг биринчи кунида форум иштирокчилари секцияларга бўлинган ҳолда Навоий вилоятининг инвестиция, экспорт, сайёҳлик ва логистика салоҳияти билан танишди.
“Бизнинг инвесторлар асосан Европа мамлакатлари билан яқин иқтисодий ҳамкорлик қилиб келади. Ўзбекистонда ҳам бизнес қилиш учун имкониятлар жуда юқори. Бангладешда асосан текстил ва енгил саноат соҳаси жуда яхши ривожланган. Форум доирасидаги учрашувларда бизга Навоийда ҳам айнан шу йўналишдаги корхоналар, яъни “Бахт-Навоий”, “Навбаҳор текстил” ва “Тошработ текстил” каби корхоналар фаолият юритаётганини айтишди. Биз албатта бу йўналишда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантирамиз”, – дейди форумда иштирок этган Бангладеш элчиси ёрдамчиси Нрипендра Чандра Дебнатҳ.
“Навоийга биринчи марта келган бўлсам-да, унинг саноат салоҳияти, инвестиция ва ишбилармонлик муҳити ҳақида кўп эшитганман. Бугунги форум давомида бу борада батафсил маълумотларга эга бўлдим. Иқтисодий ҳамкорлик учун барча шароитлар бор. Келгусида мамлакатимиз тадбиркорларини Навоийга жалб қилиб, ҳамкорликни йўлга қўямиз”, – дейди Жазоирнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Бушерит Насер.
Халқаро бизнес форумда учрашувлар ва муҳокамалар давомида қатор муҳим иқтисодий келишувларга эришилди.
Форум доирасида иштирокчилар вилоятнинг туристик салоҳияти билан танишиш мақсадида Нурота туманидаги “Чашма” меъморий мажмуаси ҳамда “Сармишсой” музей қўриқхонасига саёҳат қилди.
Ўзбекистон президентининг вилоятга март ойидаги ташрифи чоғида тадбиркорлар учун шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида Навоий вилоятига эркин иқтисодий ҳудуд мақоми берилди, Нурота туманидаги “Ғазғон” қишлоғини шаҳарчага айлантириш ташаббуси илгари сурилди.
Айни пайтда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида хорижий инвесторлар билан қиймати 144 млн. доллар бўлган 21 та лойиҳа устида иш олиб бориляпти.
“Навоий” халқаро аэропорти орқали Европа ва Осиё давлатлари ўртасидаги йўналишларда йилига 300 минг тонна юкни қабул қилиш ва жўнатиш имконини берадиган қуруқликдаги порт яратилмоқда.




































