2 май, пайшанба куни оқшомида Европа Лигаси яримфинали доирасидаги учрашувлар ўтказилади.

Эмери инқирозда
«Арсенал» - «Валенсия». 00:00
Унаи Эмерининг «канонирлар» бошқарувидаги илк мавсуми қандай ўтишини олдиндан тахмин қилиш қийин эди. Афсуски, айни вақтга келиб унинг фаолиятига баҳолар орасида плюслардан кўра минуслар кўп.

«Арсенал»да ҳаммаси яхши кетаётганди, аммо апрель кунида момақалдироқлар чақиб, шаррос жала қуйгандек, клуб ўтган ойда кетма-кет уч ўйинда мағлуб бўлди - аввалига ўз майдонида «Кристал Пэлас»дан 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди, кейин «Вулверҳемптон» майдонида жамоа иложсиз аҳволда қолди - 1:3. Кейин эса «Лестер» ўз уйида лондонликларни шарманда қилди - 3:0. Эмери шогирдлари эса бу вақтда кучли тўртликдан мустаҳкам ўрин олиш ўрнига ЕЧЛ йўлланмасини жиддий хавф остида қолдиришди. Энди жамоа Европа Лигасида ғолиб бўлиш орқали йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қилиши керак.

Афтидан, Эмерига АПЛда кучли тўртликка киришдан кўра, иккинчи рангдаги халқаро кубок учун курашиш осонроқ. «Арсенал» ҳали бу турнирга қадам қўйишидан олдин баск мутахассиси қаторасига уч мавсумда «Севилья» билан Европа Лигаси ғолиби бўлган. «Арсенал» бу турнирга кўникиб олгач, яхши иштирок эта бошлади (ўтган мавсумда ҳам Арсен Венгер бошқарувидаги жамоа илк марта бу турнирда иштирок этиб, яримфиналгача борган ва «Атлетико» тўсиғидан ўтолмаганди - 0:0, 0:1). Бу мавсумда плей-офф ўйинларида БАТЭ ва «Ренн»га қарши биринчи сафар ўйинларида ютқазган бўлсада (мос равишда 0:1 ва 1:3), жамоа жавоб ўйинида вазиятни ўнглай олди (3:0, 3:0). Чоракфиналда эса «Наполи»га қарши илк ўйинни ўз майдонида ўтказган лондонликлар ишончли ғалабага эришишди (2:0), сафардаги ўйинда ғам ғалабага эришилди (1:0). Карло Анчелотти бошқарувидаги неаполликлар Эмери жамоаси қаршисида иложсиз кўринишда қолди. Бу эса жамоа босқичдан-босқичга кучайиб бораётганини кўрсатади. 

Шундай бўлса-да, «Арсенал» Эмерининг собиқ жамоаси, яна бир испаниялик кучли мутахассис Марселино бошқарувидаги «Валенсия» билан қарама-қаршиликда яққол фаворит сифатида кўрилмаяпти. «Кўршапалаклар»га биринчи ўйинда жароҳатдаги Денис Черишев ва дисквалификациядаги собиқ «канонир» Франсуа Коклен, шунингдек, асосий таркибни алмаштириб бўлмас ўйинчиси Жоффри Кондогбиа ёрдам бера олмайди. «Арсенал» учун эса жиддий зарба - Рэмсининг йўқотилиши бўлди - ушбу уэльслик футболчи ўйиндан олдин «Наполи»га қарши ўйин унинг «Арсенал» либосидаги охирги ўйини бўлганини маълум қилди - Неаполдаги ўйинда жароҳат олган футболчи жароҳатини даволаб, ёзда эркин агент мақомида «Ювентус» сафига бориб қўшилади. Бугунги ўйинда Месут Ўзил ўзини кўрсатиши кутилмоқда, у бу орқали клубда қолиш истагини намоён қилиши мумкин.