3 май куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлиси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Мажлис кун тартибида «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги, «Яйловлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунлари кўриб чиқилиши кутилмоқда.

23та масала кўриб чиқилиши мўлжалланган мажлисда Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масалалари ҳам кўриб чиқилиши белгиланган.

Шунингдек, жорий ялпи мажлисда Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисида, бош прокурорининг орган фаолияти тўғрисида ҳисоботи тингланади.