Ўзбекистон | 15:10 / 03.05.2019
58838
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари ишдан олинди

Тошкент шаҳри ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Рафатович Хаджизадаев лавозимдан озод этилди. Бу маълумотни Kun.uz’га Тошкент шаҳри ҳокимиятидаги манба тасдиқлади.

Манба маълумотига кўра, Шерзод Хаджизадаев 2 май куни президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида ишдан олинган. У ёш оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш ва кредитларни ўзлаштириш дастурларини амалга ошириш бўйича талаб даражасида ишлар олиб бормагани учун ишдан кетган.

2 май куни Шавкат Мирзиёев раислигида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури ижросини сифатли ташкил этиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ижроси жойларда мутлақо қониқарсиз ташкил этилган учун республика комиссияси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Марказий банк ҳудудий бошқармалари раҳбарлари огоҳлантирилди.

Маълумот учун, Шерзод Хаджизадаев (1973 й. т.) 2018 йил 4 октябрь куни Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

2010 йилдан 2017 йилгача «Трастбанк» раҳбари  бўлган Хаджизадаев 2017 йил апрелидан 2018 йил кузигача  Марказий банк раиси ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Мавзуга оид